Бухорода икки аёл билан жинсий алоқа қилган ОИВ касаллиги бор йигитга жиноий иш очилди
3-саҳифа
−
08 Февраль 2021
50397Бухоро вилоятида икки аёлга била туриб ОИВ вирусини юқтирган эркак қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган Б.Н. 2016 йилнинг сентябрь ойида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган. Унга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун Жиноят кодексининг 113-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилиб, унга бир қатор чекловлар белгилаб берилган.
Аммо шунга қарамай, Б.Н. 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар Навоий вилояти Учқудуқ туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган П.П. билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб келган.
Бундан ташқари 2020 йил 8 октябрдан бошлаб К.К. исмли аёл билан шаърий никоҳ асосида биргаликда яшаб, у билан ҳам ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб келиб, ушбу иккала аёл П.П ва К.К.га ОИВ касаллигини қасддан юқтирган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Б.Н.исмли шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.