Бухорода дрон билан ушланган россиялик блогерга қандай чора кўрилди?

Жамият

image

Аввалроқ, Бухоро аэропортида дрон сабаб қўлга олинган Россия фуқароси Максим Лимарь уй қамоғидан озод этилгани ва 9 февраль куни Новосибирскка қайтиб кетиши ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистондаги Россия элчихонасининг матбуот котиби Дмитрий Данилов россиялик блогерга қандай чора кўрилгани ҳақида “Спутник”ка маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, блогерга нисбатан ҳеч қандай жиддий чора кўрилмаган, шунчаки квадрокоптер конфискация қилинган холос. Квадрокоптер вазни енгил бўлишига қарамасдан, унга фото ва видео суратга олувчи мосламалар ўрнатиш мумкин. Бундай ҳолатда у автоматик равишда рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган учувчисиз аппаратлар тоифасига киритилади.

“Қўрқинчли ҳеч нарса содир бўлмади. Ўзбекистон аввалгидай меҳмондўст ва сайёҳлар учун очиқ мамлакат бўлиб қолмоқда. Лекин келишдан олдин ҳеч бўлмаса ушбу мамлкат қонунчилиги билан озгина бўлсада танишиш керак. Айниқса сиз журналистика ёки блогерлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлсангиз”, дейди Данилов.

Эслатиб ўтамиз, Россия фуқароси Максим Лимарь 3 февраль куни Бухоро аэропортида Новосибирскка учиб кетиш вақтида аэропортда ушланганди.

Кейинроқ Бухоро вилояти Божхона бошқармаси вазиятга муносабат билдириб, россиялик блогерга тазйиқ бўлмаганини маълум қилди.

“Ўзавиация” агентлиги ҳам ҳолатга муносабат билдириб, Максим Лимарнинг дрони Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берилган учувчисиз учиш аппаратлари тоифасига кирмаслигини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан учувчисиз аппаратларни олиб кириш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

273

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг