Бухорода браконьерлар Экополиция ходимига жароҳат етказди
3-саҳифа
−
11:31 953 1 дақиқа
Бухоро вилоятининг Пешку туманида ноқонуний ов билан шуғулланган беш нафар фуқаро Экополиция ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, уларга қаршилик кўрсатди. Оқибатда ходимлардан бири тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат Қорақир массивида жойлашган муҳофаза этиладиган ҳудудда ўтказилган рейд давомида аниқланган. Маълум бўлишича, Пешку туманида яшовчи беш нафар фуқаро тақиқланган тунги ёритиш мосламаси ва ов қуролидан фойдаланиб, ноқонуний ов қилган. Улар жами 13 та қуённи овлаган.
Ҳолатни аниқлаш жараёнида Экополиция ходимлари ҳаракатланиб келаётган УАЗ русумли автомобилни текшириш учун тўхтатган. Бироқ машинада бўлган фуқаролар ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмай, уларга қаршилик кўрсатган ва тан жароҳати етказган.
Жабрланган ходимга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган. Воқеа жойига туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳам жалб этилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида маст ҳайдовчи ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатиб, патруль-пост хизмати инспекторига мушт туширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси