Бухорода археологик ёдгорлик мол боқиш учун бериб юборилди
Маданият-санъат
−
16 Март 2022
65722015 йилда Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ҳокимлиги “Вардонзе қўрғони” археологик ёдгорлиги ҳудудининг бир қисмини фермер хўжалигига мол бошқиш учун бериб юборган. Оқибатда ёдгорлик ер майдонининг 1,8 минг квадрат метр қисмига шикаст етказилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига “Вардонзе қўрғони” археология ёдгорлиги ҳудудига зарар етказилаётгани бўйича мурожаат келиб тушган. Шунданг сўнг, Аксилкоррупция агентлиги Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва бошқа мутасадди идоралар томонидан ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш жараёнида Шофиркон туманидаги “Тўймурод Холмурод ўғли” фермер хўжалиги раҳбари А.Қ. тегишли идораларнинг хулосаларини олмасдан объектнинг муҳофаза ҳудудини оғир техника ёрдамида суриб, ер қазиш, ер тузиш, экин экиш ва мелиорация ишларини амалга оширгани аниқланган. Жумладан, тадбиркор ариқ қазиб, фермер хўжалиги ер майдонини археология объекти муҳофаза майдони ҳисобидан кенгайтирган.
Бу эса объектнинг Рабод қисми маданий қатлами йўқотилиши, ҳудуддаги саксовул дарахтларининг нобуд бўлиши ҳамда ер қарида сақланиб келаётган қадимги тарихий топилмаларнинг йўқотилишига сабаб бўлган.
Объектнинг ер майдони ва муҳофаза ҳудуди туман ҳокимлигининг 2013 йилдаги қарорига асосан 124 гектарни ташкил этган. Аммо, 2015 йилда ҳокимлик қонунчиликка зид равишда, тегишли идораларнинг хулосаларисиз объект ҳудудини 76 гектар этиб белгилаган.
Шунингдек, қисқартирилган ер майдони фермер хўжалигига яйлов сифатида фойдаланиш учун берилган, бироқ амалда фермер уни экин майдонига айлантириб юборган.
Ўрганиш якунида археология ёдгорлигининг Рабод қисми ер майдонининг 1 минг 800 квадрат метр қисмига шикаст етказилиши оқибатида давлат манфаатларига 26 миллиард 730 миллион сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.
Агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Бухоро вилоят прокуратурасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳокимлиги “Истиқбол” МФЙдаги “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудудини МЧЖга сотиб юборгани аниқланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь