Ўрганган кўнгил. Паркент ҳокими археология ёдгорлигини тадбиркорга сотиб юборган
Маданият-санъат
−
02 Февраль 2022
12726Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳокимлиги археологик ёдгорлик ҳудудини МЧЖга сотиб юборгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Билдирилишича, Тошкент вилояти, Паркент тумани, “Истиқбол” МФЙдаги “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди 2018 йил 28 сентябрда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали “U.Q.B” МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган.
Аниқланишича, мазкур археология ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатига киритилган. Давлат мулки ҳисобланган ушбу объект Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Ушбу археология иншоотини “U.Q.B” МЧЖ раҳбарлари 2020 йилда қонунчилик талабларига зид равишда тадбиркор “U.M.P.” МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркорлик субъекти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Мазкур цех учун хомашё, яъни тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини “U.Q.B” МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса, ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган. Оқибатда, бу тарихий иншоотга катта миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатдан хабар топган Тошкент вилояти моддий мерос бошқармаси 2020 йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш, туман ҳокимининг қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилган.
Шунга қарамасдан, МЧЖ масъуллари ўз фаолиятини давом эттириб келган.
Ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ишларига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази мутахассислари ҳамда ҳудудий давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари жалб этилган.
Жумладан, 2021 ноябрь ойида мазкур ҳудудда илмий тадқиқот (тупроқ қазиш ва объектни кузатиш) ишлари олиб борилган. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, мазкур археология объекти эрамизнинг I-IV асрларига оид бўлиб, кўчманчи чорвадорларга тегишли қабристон экани аниқланган.
Ўрганишлар давомида олинган дастлабки маълумотларга кўра, “U.M.P.” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлиги худудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мероснинг объектига 1,5 трлн сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган. Натижада, ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкент вилоят прокуратураси томонидан “U.M.P.” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиб келинмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь