Бугун ўзбекистонликлар тўлиқ Ой тутилишини кузатиши мумкин

Бу қизиқ

image

Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тўлиқ Ой тутилишини кузатиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси хабар берди. 

Академияга кўра, ушбу тутилиш тўлиқ Ой тутилиши ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида Ой юзаси 100 фоиз Ер соясида бўлади. Ой тутилишининг тўлиқ фазаси 1 соат 22 дақиқа давом этиб, тутилишнинг умумий давомийлиги эса 3 соатдан ортиқроқ вақт давом этади. 

Қўшимча қилинишича, ушбу астрономик ҳодисанинг тўлиқ фазасини Европа, Осиё, Африка, Австралия қитъаларининг маълум бир қисмида кузатиш мумкин. Жумладан, Евроосиё материгида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Арманистон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Яман, Сомали, Мадагаскар, Покистон, Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Хитой, Мўғилистон, Жанубий Корея, Шимолий Корея, Бангладеш, Мянма, Таиланд, Вьетнам, Лаос, Малайзия давлатлар ҳудудида яшовчи барча аҳоли тўлиқ Ой тутилишини кузатиш имкониятига эга бўлади. 

Шунингдек, Россиянинг марказий ҳудудлари, Озарбайжон, Туркия, Ироқ, Саудия Арабистони, Африка қитъасининг шарқидаги бир неча давлатлар ва Япония, Австралиянинг Ғарбий вилоятлари, Индонезиянинг Ғарбий оролларидаги аҳолида ҳам тўлиқ Ой тутилишини кузатиш имкони мавжуд. Бутун Европа давлатлари, Африка қитъасининг шарқидаги давлатлар, Россиянинг ғарбий ва шарқий вилоятлари, Япониянинг шимоли-шарқий вилоятлари, Филиппин ороллари, Гавайи ороллари, Фиджи ороллари, Австралиянинг Шарқий вилоятлари ва Янги Зеландия давлати аҳолиси эса географик жойлашувига мос равишда турли даражадаги қисман Ой тутилишини кузатиши мумкин. 

“Ушбу Ой тутилишининг тўлиқ ва қисман фазалари тўқ пушти ва оч пушти рангларда дунёнинг сиёсий-географик харитасида тасвирланган”, дейилади хабарда. 

Ушбу астрономик ҳодиса Ўзбекистонда 7 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:27 да қисман Ой тутилиши, соат 22:30 да эса тўлиқ Ой тутилиши бошланади. Тўлиқ фазали Ой тутилиши 1 соат 22 дақиқа давом этади, соат 23:11 да тўлиқ фазали Ой тутилиши максимум фазасига етади, соат 23:52 да эса тўлиқ фазали тутилиш тугайди, 8 сентябрь соат 00:56 да қисман Ой тутилиши ҳам тугайди. Ой тутилиши умумий 5 соат 26 дақиқа давом этади. Ой тутилиши бошланганда Тошкент шаҳрида Ойнинг уфқдан (горизонтдан) баланлиги 27 даражани ташкил этади, тутилишнинг максимал фазасида ушбу қиймат 39 даражани, тутилиш тамомланиш арафасида ушбу қиймат 41 даражани ташкил этади.

“Ой тутилишини кузатиш учун махсус жиҳозлар талаб қилинмайди ва оддий (қуролланмаган) кўз билан кузатиш мумкин. Ой тутилиши қуролланмаган кўз билан кўриш хавфсиз”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Ой тутилиши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг