Бугун “Нефтчи”, “Пахтакор” ва “Насаф” ЧЛдаги рақибларини билиб олади
Спорт
−
09:43 957 2 дақиқа
Бугун, 18 август куни, Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) 2026-27 йилги мавсуми учун клуб мусобақалари қуръаси ташланади.
Унда Ўзбекистоннинг уч клуби – “Нефтчи”, “Пахтакор” ва “Насаф”нинг халқаро майдондаги рақиблари аниқланади.
“Нефтчи” ва “Пахтакор” ОФК Чемпионлар лигаси Элит мусобақасида иштирок этади. “Насаф” эса ОФК Чемпионлар лигаси 2 баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
“Пахтакор” ОЧЛ Элитнинг лига босқичига саралаш орқали йўлланма олди. Тошкентликлар саралашнинг ҳал қилувчи учрашувида Иорданиянинг “Ал-Ҳусайн” клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Баҳсда Достонбек Ҳамдамов дубль қайд этган бўлса, Башар Ресан ҳам ўз номини таблога ёздирди.
“Нефтчи” эса мусобақанинг асосий босқичида тўғридан-тўғри иштирок этади.
ОЧЛ Элитнинг янги мавсумида Ғарб ва Шарқ минтақаларидан 16 тадан – жами 32 та клуб иштирок этади. Лига босқичида ҳар бир жамоа саккизтадан учрашув ўтказади. Клублар тўртта баҳсни ўз майдонида, яна тўрттасини сафарда ўтказади.
“Насаф” эса Осиёнинг иккинчи даражали клублар мусобақаси – ОФК Чемпионлар лигаси 2да иштирок этади. Қарши клуби ҳам бугунги қуръа натижасида ўз рақибларини билиб олади.
Қуръа ташлаш маросимлари Куала-Лумпурда бўлиб ўтади. “Насаф” иштирок этадиган ОФК Чемпионлар лигаси 2 қуръаси Тошкент вақти билан соат 11:00 да, ОЧЛ Элит қуръаси эса соат 13:00 да бошланади.
Шу тариқа, бугун “Нефтчи”, “Пахтакор” ва “Насаф”нинг 2026-2027 йилги Осиё мусобақаларидаги рақиблари аниқ бўлади.
Live
Барчаси