Бугун қуръа: Ўзбекистон учун муҳим палла бошланмоқда
Спорт
−
17 Июль 2019
6217Бугун, 17 июль куни Малайзия пойтахти Куала Лумпурда жойлашган Осиё футбол конфедерацияси бош қароргоҳида Жаҳон чемпионати-2022 ҳамда Осиё кубоги-2023 мусобақалари саралаш баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.
Жами 40 та юрт терма жамоалари саралашдаги ўз рақиблари номини билиб олади. Биринчи саралаш босқичида зафар қучган 6 та терма жамоа ушбу иккинчи босқичга автоматик тарзда йўл олган 34 та юрт термалари билан биргаликда жами 5 та саватга ажратиб чиқилган.
Терма жамоалар ўтган ойдаги ФИФА рейтингига қараб саватчаларга тақсимланди. Саватчалар қуйидагича тақсимланди.
1-саватча: Эрон, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Хитой.
2-саватча: Ироқ, Ўзбекистон, Сурия, Ливан, Уммон, Қирғизистон, Вьетнам, Иордания.
3-саватча: Фаластин, Ҳиндистон, Баҳрайн, Таиланд, Тожикистон, КХДР, Хитой Тайпейи, Филиппин.
4-саватча: Туркманистон, Мьянма, Гонконг, Яман, Афғонистон, Мальдив ороллари, Қувайт, Малайзия.
5-саватча: Индонезия, Сингапур, Непал, Бангладеш, Мўғулистон, Гуам, Камбожа, Шри-Ланка.
Ҳар бир гуруҳда 5 тадан иштирокчи бўлади ва гуруҳлар сони 8 тани ташкил этади. Саралаш баҳслари якунида гуруҳда 1-ўринни банд этадиган 8 та терма жамоа ва 2-ўрин соҳиблари ичидаги энг яхши натижага эга яна 4 та терма жамоа Осиё кубоги-2023 финал босқичига йўл олиш билан биргаликда Жаҳон чемпионати-2022 саралашининг ҳам якуний ҳал қилувчи босқичи йўлланмасини расмийлаштиради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2-саватдан ўрин олган. Қуръа ташлаш маросими Тошкент вақти билан соат 14:00да бошланади.
Маълумот учун, Равшан Эрматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.
LiveБарчаси