Буча қирғинига бош бўлгани айтилган офицернинг унвони кўтарилди
Олам
−
23 Апрель 2022
18536Россия Қуролли Кучларининг 64-алоҳида мотоўқчи бригадаси командири Азатбек Омурбеков полковник унвонига кўтарилди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Қайд этиш керакки, оммавий ахборот воситаларида Киев вилоятининг Буча шаҳрида тинч аҳолини шафқатсизларча ўлдиришда айнан 64-алоҳида мотоўқчи бригадаси қатнашгани айтиб келинмоқда.
“Уч ҳафта давомида полковник Омурбеков бошчилигида ишғол қилинган чизиқдаги бригада бўлинмалари душманнинг танклар, пиёда аскарларнинг жанговар машиналари ва оғир артиллерия воситаларидан фойдаланган ҳолда [амалга оширган] 50 дан ортиқ ҳужумларини қайтарди. Азатбек Омурбеков томонидан эгаллаб олинган мудофаа позицияларининг яхши қурилган тизими, асосий йўналишлардан бирининг назоратини таъминлади”, дейилган Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги хабарида.
40 ёш атрофида экани тахмин қилинаётган Омурбеков 2014 йилда Россия Мудофаа вазири ўринбосари Дмитрий Булгаков томонидан “Буюк хизматлари учун” медали билан тақдирланган.
“Буча қирғини”
Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.
Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.
2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.
Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.
Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.
Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь