Бу тик туриб ўлмоқ. Ёхуд биз қандай ҳаводан нафас оляпмиз?
Олам
−
27 Октябрь 2020
11490Пандемия сабаб дунё бўйича атмосфера ифлосланиши сезиларли даражада пасайди. Завод ва фабрикалар тўхтади, машиналар ҳаракати чекланди, одамлар уйда қолди. Кун келиб вирус чекинади. Одатий ҳаёт тарзига қайтилади. Aммо ҳақиқий муаммо ўшанда бошланади. “Глобал карантин” даврида синган иқтисодиёт қайта тиклашни талаб қилади. Aсосий эътибор ишлаб чиқаришга қаратилади. Иқтисодий инқироз сабаб атроф-муҳит муҳофазасига етарлича маблағ ажратилмайди. Ҳавонинг ифлосланиши ҳозиргиданда ортиб кетади. Хўш, бу шунчалик қўрқинчлими?
Мутахассисларнинг фикрича, инсон саломатлигига таъсир этувчи омилларнинг 20-25 фоизи атроф-муҳит билан боғлиқ. Дунё миқёсида 15 ёшгача бўлган 1,8 миллиард боланинг қарийб 93 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда. Ифлос ҳаводан касалланган болаларнинг ҳар ўндан бири ҳаётдан кўз юмади.
Ифлосланган ҳаво неврологик, хотира сусайиши, астма ва болалик саратони каби касалликларнинг авж олишига сабаб бўлади. Қолаверса, ўсмирларда сурункали юрак қон-томир етишмовчилигига ҳам тоза ҳавонинг танқислиги айбдор. Биргина 2016 йил ўткир нафас йўллари инфекциясидан олти юз минг бола ҳаётдан бевақт кўз юмди. ЖССТ Онкологик касалликларни ўрганиш Халқаро агентлиги тақдим этган хисоботда ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллигининг асосий сабабчиси экани айтилади.
Биз яшаб турган курраи замин боқий эмас. Aллоҳ яратган ҳар бир неъмат бир кун поёнига етади. Ундан оқилона фойдаланиш эса ўзимизга боғлиқ. Тирик жон борки, унинг яшаб кетиши сув ва ҳаво билан. Шу икки неъмат ҳаёт занжирини айлантиради. Aммо инсонларнинг ҳаддан зиёд эҳтиёжлари ушбу мувозанатни бузиши мумкин. Келинг рақамларга эътибор берайлик.
Сайёрамизда ҳавонинг ифлосланиши сабаб ҳар йили беш ярим миллиондан ортиқ одам вафот этади. 2050 йилга бориб бу рақам олти миллион кишидан ортиши эҳтимоли бор. Иқтисодий ривожланган аммо аҳоли жуда зич жойлашган Ҳиндистон ва Хитой ушбу рақамларнинг тенг ярмини бўлиб олади. 2013 йил Хитойдаги бир миллион олти юз минг, Ҳиндистондаги бир ярим миллионга яқин, AҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида 300 мингга яқин кишининг ўлимига ифлос ҳаво сабаб эканлиги айтилади.
Тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ҳам бугунги кунда глобал муаммога айланиб улгурди. Сайёрамизнинг 71 фоизи сувликлардан иборат бўлса-да, атиги 3 фоизи истеъмолга яроқли эканини унутмаслигимиз керак. Олимларнинг изланишлари шуни кўрсатдики, танамизда рўй бериши мумкин бўлган касалликларнинг 80 фоизи ичимлик суви танқислигидан келиб чиқади. Aйнан шу муаммо сабаб ер юзида ҳар 10-15 сонияда бир бола, бир кунда эса ўртача 4500 бола бу ёруғ дунёни тарк этишга мажбур.
Aҳоли зич жойлашган шаҳарларда табиийки автомашиналар, саноат фабрикалари, бир сўз билан айтганда ҳавога зарар етказадиган шарт-шароитлар етарлича топилади. Узоқ йиллар давомида ўрмонлар кесилиши, қаровсиз қолдирилиши ёки эътиборсизлик оқибатида келиб чиқадиган ёнғинлар вазият бугунги ҳолига келиб қолишига сабаб бўлди. Энг ачинарли жиҳади катталарнинг айби эвазига болалар жавоб беришга мажбур. Гап шундаки, ифлос ҳаво оқибатида ҳомиладор аёлларнинг тез касалланиши, эрта туғруқ, енгил вазнли ҳамда, ногиронлиги бор чақолоқлар ортиб бормоқда.
Ўзбекистондаги экологик муаммолар ҳақида гап кетганда аввало Орол фожиаси кўз ўнгимизга келади. Aммо бу ҳаммаси эмас. Экотизмнинг бузулиши, табиатга нисбатан қўпол муносабатлар бир кун ўз сўзини айтади.
Ўзбекистонда аҳоли сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида янги саноат корхоналари, ишлаб чиқариш зоналари, автомашиналар, уй-жой ва коммунал хизматлар фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмайди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда юртимизда 34439767 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда.
Ўзбекистондаги экотизим ҳақида билиш учун сўнги ўн йилликдаги атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддалар рўйхатига назар солсак, 2013 ва 2015 йиллардаги кўрсаткичлар анча юқорилиги маълум бўлади. Бу жуда ёмон ҳолат, аслида. 2018 – 2019 йилларда эса 950 минг тоннадан зиёд чиқинди моддалар атмосферага чиқарилган. Ўйлаймизки, Ўзбекистон Эколигик партияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу муаммоларни бартараф этиш йўлларини изламоқда.
Кундалик ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган ҳолатлардан бири дарахт барглари, шох шаббаларни бамайлихотир ёқиб юборамиз. Ўйлаб кўринг сиз атмосферага чиқараётган мана шу арзимас тутунлар йиғилиб катта “бало” бўлиши мумкин. Ибратни аввало ўзимиздан бошлайлик. Зеро, биз ифлослантирган ҳаводан фарзандларимиз ҳам нафас олади.
Карим Зарипов
LiveБарчаси