Бу нима аҳвол? – Тошқулов 3 минг талаба Telegram'дан ўқитилганини танқид қилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Қашқадарё олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга Telegram орқали дарс берилганини танқид қилди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги 6 та олий таълим муассасасини комплекс ўрганиб чиққан.

Ўрганиш натижалари юзасидан масъуллар ва ҳудудда жойлашган олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, ҳудуддаги бир қатор олий таълим муассасаларида таълим сифати ва илмий салоҳият етишмаслиги, талабалар, ўқитувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилмагани, моддий-техник база билан тўлиқ таъминланмагани, ўқув жараёнини кредит-модул тизими асосида ташкил этишдаги муаммолар, шунингдек, масофавий таълимни йўлга қўйишдаги камчиликлар танқид қилинган.

Хусусан, Қарши давлат университетининг Педагогика институти фаолияти қониқарсиз деб топилиб, директор, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ва ўқув-методик бошқарма бошлиғига масофавий таълимни ташкил қилишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун ҳайфсан берилган. Муаммоларни бартараф этиш учун уч ойлик муддат қўйилган.

“Бугун масофавий таълим учун яратилган кўплаб махсус платформалар бўлатуриб, уч минг нафар талабани Telegram орқали ўқитяпсизлар. Ҳамма нарса Telegram’да. Олий таълим муассасининг ўз платформаси йўқми? Бу нима аҳвол? Президентимизнинг озгина ташвишлари минг чандон тўғри эканлигига амин бўлиб кетяпман. Барчаси бўйича хулоса қилинади. Энди таълим сиёсатига ҳамма жавоб беради”, дея таъкидлаган Абдуқодир Тошқулов.

Аввалроқ, Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари 23 та мезон бўйича комплекс ўрганилиши ҳақида хабар берган эдик. Жараёнга Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ бошчилик қилади.

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

691

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made