“Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтамиз”. Депутатлар Қодировнинг тил бўйича таклифини “синдирди”

Жамият

image

Бугун, 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров маълум қилди.

Депутатга кўра, асосий тортишув қонун лойиҳасининг 13-моддаси устида бўлган. Қўмита томонидан қуйидаги таҳрир таклиф қилинган:

“13-модда. 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади”

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси қуйидаги таклифни илгари сурган:

“13-модда. 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади. 

Бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шарт.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилинади.”

Қодиров МТДП фракциясининг таклифини қўллаб-қувватлаш учун сабаблар ҳам келтирган. Булар:

1. Қонунни ташаббус қилинишидаги мақсадлардан бири давлат тилини ривожлантириш ва давлат тилига нисбатан ҳурматни оширишдан иборат. Фуқаролар ва давлат идоралари орасидаги мулоқотда давлат тили энг фаол қўлланилади. Бугунги кунгача ушбу мулоқотда давлат тилидан фойдаланиш учун зарурат бўлмаганлиги сабабли ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж деярли бўлмаган. Ҳар қандай тил ривожланиши учун фаол қўлланилиши зарур. 

Кўпгина ривожланган давлатларда бу масалада жиддий талаблар қўйилган (қуйида келтирилади).

2. Амалда таклиф қилинаётган модда маъқулланса, давлат органлари ва муассасаларида хорижий тилларда қилинган мурожаатларни ўзбекчага ва жавоб хатини хорижий тилга таржима қилиш билан шуғулланадиган алоҳида ходим штати жорий қилиниши керак. Алоҳида таржимонлик штати бюджетдан қўшимча харажат талаб қилади. Қонун ташаббускорлари бу масалада Молия вазирлиги билан келишмаган. Қолаверса, амалдаги қонунчиликда давлат хизматчисига хорижий тил билиш талаби қўйилмаган, шу сабабли ходим бошқа тилда қилинган фуқаро мурожаатини кўриб чиқишни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.

3. Амалдаги меҳнат қонунчилигида ходимни ишга қабул қилмаслик ёки ишдан бўшатишга хорижий тилни билмаслик сабаб бўлмайди, лекин белгиланган вазифани бажаришга малака етарли бўлмаганлиги сабаб ишдан бўшатилиши мумкин. Белгиланаётган норма иш берувчига истаган ходимини хорижий тилда мурожаатлар билан ишлаш малакасига эга эмаслигини сабаб қилиб кўрсатиб ишга қабул қилмаслик ёки ишдан бўшатиш учун асос яратади.

4) “...мумкин қадар” деган ноаниқ мезон мурожаат қилинган тилда жавоб берилмагани учун қилинадиган эътирознинг олдини олмайди. Фуқаро мурожаат қилинган тилда жавоб беришни талаб қилишга ҳақли бўлади.

Муҳокамалар натижасида “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг таклифи қабул қилинмаган. Овоз бериш натижаларига кўра, 58 нафар депутат таклифни маъқуллаган, 48 нафари қарши бўлган, 5 нафари бетараф қолган ва 12 нафари эса овоз бермаган.

“Бир ҳамкасбимизнинг “бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни ҳоҳлаймиз” деган гапи ҳам ғурурига тегмаган 65 та депутат...

Ўзбек тили ожиз... Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтарканмиз. Ҳозирча узр, овозимиз камлик қилаяпти”, дея надомад билан сўзини якунлаган Қодиров.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат тили Алишер Қордиров

Баҳолаганлар

397

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг