“Бу чора одамларга қарши эмас”. Тошкент ҳокимлиги бозорлардаги қоида бўйича изоҳ берди
Жамият
−
19 Ноябрь 4589 3 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида тижорий мақсадларда видео ёки тасвирга олиш учун алоҳида тўлов белгилангани ҳақида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда ушбу масала бўйича нотўғри талқинлар пайдо бўлди. Тошкент шаҳри ҳокимлиги бозорлар ҳудудида видеотасвирга олишнинг янги қоидалари бўйича тушунтириш берди.
Маълум қилинишича, янги қоидалар оддий ташриф буюрувчиларга тегишли эмас.
“Харидларингизни телефонга суратга олиш, оила билан расмга тушиш, шахсий блог ёки сторислар юритиш – бепул ва рухсат этилган. Сайёҳлар, мактаб ўқувчилари, талабалар, расмий ОАВ журналистларига ҳеч қандай чекловлар қўлланилмайди. Қоидалар фақат тижорат мақсадидаги суратга олишга, яъни пул ишлаб, даромад олиш учун мўлжалланган видеотасвирларни олишга тааллуқли”, дейилади пойтахт ҳокимлиги изоҳида.
Шунингдек, ҳокимлик бу пул айнан кимлардан ундирилиши ҳақида ҳам маълумот тақдим этган.
“Бу мунтазам равишда реклама, интеграция ва “просмотр”лардан пул топадиган йирик блогерлар ва инфлюенсерлар, клиплар, реклама роликлари, ҳужжатли лойиҳалар, сериаллар ёки фильмлар суратга оладиган тижорат студиялари ва медиа ишлаб чиқариш гуруҳлари, ўз товарлари ва хизматларини тарғиб қилиш учун бозор ҳудудидан фойдаланадиган компанияларга тааллуқли”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, дунёнинг барча йирик шаҳарларида – Истанбулдан тортиб Парижгача – тижорат мақсадидаги суратга олиш учун пул тўланади, чунки бу ҳудудни эгаллайди, одамларнинг ҳаракатланишига халақит беради, сотувчи ва харидорларга ноқулайлик туғдиради, қўшимча назорат, кузатув ва хавфсизликни таъминлашни талаб қилади.
“Профессионал жамоалар штативлар, чироқлар, ускуналар, массовка ва актёрлар билан келганда – бу маиший тасвирга олиш эмас, балки ишлаб чиқариш жараёнидир.
Бу ўтиш йўлаклари, автотураргоҳ ва бошқа инфратузилмага, тартибни таъминлашга масъул бўлган бозор маъмуриятига, камералар ва суратга олиш гуруҳлари туфайли фаолияти секинлашаётган сотувчиларга, ташриф буюрувчилар оқимининг хавфсизлигига юклама яратади”, дейилади тушунтиришда.
Қайд этилишича, тижорат мақсадидаги суратга олиш учун тўловлар расмий, шаффоф тарзда йиғилади ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.
Маблағлар қуйидагиларга сарфланади:
- Ҳудудларни ободонлаштириш;
- санитария ва хавфсизликни таъминлаш;
- пиёдалар йўлаклари ва ўтиш жойларини яхшилаш;
- кузатув ва ёритиш тизимларига хизмат кўрсатиш.
“Бу ерда ҳеч қандай “шахсий манфаатлар” ёки “чўнтак схемалари” йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, дея қатъий билдиради Тошкент шаҳар ҳокимлиги.
Қолаверса, ҳокимлик сўнгги йилларда тижорат мақсадидаги суратга олиш сезиларли даражада кўпайгани, блогерлар ва тижорат каналлари бозорлардан юкламани қопламаган ҳолда, пул ишлаш жойи сифатида фойдаланаётгани ҳамда сотувчиларнинг фаолиятига халақит берувчи тасвирга олишлар ҳақидаги шикоятлари кўпайгани ҳам шу қарорга туртки бўлганини билдиради.
“Бу чора одамларга қарши эмас, аксинча, харидор, сотувчи, бозорлар инфратузилмасининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Оддий ташриф буюрувчилар учун ўзгаришлардан қўрқадиган ҳеч бир жиҳат йўқ. Тўлов фақат бозорни тижорат контенти учун даромад манбайи сифатида ишлатадиганларга тегишли”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси