Бу билан муроса қилиб бўлмайди – Минхожиддин Хожиматов “Дружба”да ҳилпираган СССР байроғи ҳақида

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрилаги Истиқлол санъат саройи олдида ташкил этилган концертда одамлар томонидан СССР байроғи баланд кўтарилгани акс этган лавҳалар тарқалди. Бу ҳолатга турли баҳо берувчилар ҳам топилди.

Тошкентда мустабид тузум рамзи кўтарилганига Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Хожиматов ўз муносатабини билдириб, бу чидаб бўлмас ҳолат эканини таъкидлади.

Минхожиддин Хожиматов аввало тарихда ўзини мустамлака қилган давлат рамзини истиқлол даврида катта майдонларда ҳилпираши бугунги кунда бўлаётган ислоҳотларга ишончсизликни уйғотишига тўхталган.

“Ўзбек халқи маърифатли халқ. Биз азалдан тарихий хотирага ҳурмат ва эъзоз билан қараймиз. Лекин тарихни хотирлаш, биз учун муқаддас саналган мустақилликни камситиш, унинг қадр-қимматини обрўсизлантиришга айланадиган бўлса, кимдир бундан фойдаланиб, ёш авлод онгини заҳарлашга, уларда Ўзбекистон истиқболига, ислоҳотлар натижасига ишончсизлик туйғуларини уйғотишга ҳаракат қиладиган бўлса, бундай ҳолат билан муроса қилиб бўлмайди.

Афсуски, бугун бот-бот автомашиналарига георгий ленталарини тақиб олган, кийимига СССР гербини, умуман мустабид тузумнинг рамзларини тарғиб қилишга уринаётган кимсалар пайдо бўлиб қолмоқда. Албатта, ҳеч бир нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ҳайбаракаллачилари бўлади”, дейди Хожиматов.

У сўзида давом этиб, Ўзбекистон 30 йилдирки халқаро майдонда суверен давлат сифатида ўрнига эга эканини, унинг байроғи ҳам БМТ биноси қаршисида ўрнатилганини таъкидлаган.

“Муқаддас Ватанимиз мустақилликка эришганига бу йил ўттиз йил тўлади. Давлат байроғи ҳар қандай мамлакат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. Ўттиз йилки, дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат ўзини мағрур намоён этиб турибди. БМТ (биноси – таҳр.) қаршисида бутун дунё мамлакатлари байроғи билан бир қаторда Ўзбекистон байроғи хилпираб турибди”, дея Ўзбекистон суверенитети халқаро даражада тан олинганини урғулаган масъул.

Ўзбекистон мустақиллик йилларида турли таҳдидлар ва хуружларни бошдан кечирганини, унинг йўлида “кўппак” ва “қашқир”лар ҳам чиққанини айтиб ўтган.

“Ўтган ўттиз йил ичида не-не таҳдидлар, хуруж ва фитналарнинг гувоҳи бўлдик. Мустақиллик, юксак тараққиёт йўлида илдамлаб бораётган карвонимиз ортидан хурган “кўппак”лар, йўлини тўсмоққа уринган “қашқир”лар кўп бўлди. Минг шукрларки, асосий мақсад йўлида карвонимиз собит бораётир. Мамлакатимиздаги янгиланиш нафаси, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотлар мустақиллик миллий тараққиётимиз учун қанчалар улуғ неъмат ва тенгсиз имконият эканлигини яққол кўрсатиб турибди”, дейди Минхожиддин Хожиматов.

У сўзида давом этиб, шу кунларда пойтахтнинг муҳташам Халқлар дўстлиги саройи олдидаги майдондаги тадбирда истибдод рамзи бўлган – собиқ СССР қонли байроғининг кўтарилиши, миллий давлатчилик, мустақилликка нисбатан беписандлик ва кечириб бўлмайдиган, ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ҳақорат, эканини қайд этди.

“Бу воқеа ниманинг белгиси? Демак, орамизда Туркистонни, унинг мухториятини қонга ботирган, 100 мингдан ортиқ зиёлилар, миллат гулларини қатағон қилган, дину диёнатимиз, азиз авлиёларимиз қабрларини оёқ ости қилган, ер ости ва ер усти бойликларимизни талаган, “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб миллатни таҳқирлаб, юзини қора қилишга уринган, бизни ўзлигимиз, тилимиздан айиришни мақсад қилган СССР деган давлатни соғинаётганлар, унинг байроғини қалбининг тўрида асраб юрганлар, пана-пастқам жойларда тўпланиб мамлакатимиздаги ҳамжиҳатликка раҳна солиш мақсадида юрганлар бор экан-да! Бу воқеа шунинг исботи! Бу асл ватанпарварларни огоҳликка ундаши, ҳушёр ва огоҳ қилиши керак!

Келинг, азиз ватандош. Бир ўйлаб кўрайлик, бугун Ҳиндистон давлатининг пойтахти марказида Буюк Британия мустамлакачилигини шарафлаб, унинг байроғини кўтаришларини ҳинд халқи беэътибор қолдирадими?”, дейди у бошқа давлатлардан мисол келтириб.

Минхожиддин Хожиматов ким бу тадбирни ўтказишга рухсат берди, Нима учун бу тадбирнинг мақсади, дастури билан ҳеч ким қизиқмади, дея савол берган.

“Ахир мамлакатимизда бу борада ўрнатилган тартиб борку?! Шаҳар бедарвозами? Бугун бош майдонлардан бирида қизил байроқ кўтарганларнинг кўнгли эртага яна нималарни қўмсайди?

UNESCO’нинг “Бағрикенглик декларацияси”да “Бағрикенглик бу -турли туманликдаги бирликдир” дейилади. Мамлакатимиздаги 130 дан ортиқ миллат ва элатлар Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, тинч-ахил яшаб келяпти. Улар учун энг муқаддас рамз – бу Ўзбекистон байроғи!

Мустабид тузумни қўмсаётганлар, уларга шу байроқни кўтаришни ўргатаётганлар бу байроқни ўз юртига бориб кўтараверсин. Фақат Ўзбекистонда эмас!

Негаки, биз энди ҳеч қачон СССРнинг қонли байроғи Ўзбекистонда кўтарилишини ҳоҳламаймиз. Бунга йўл ҳам қўймаймиз!”, дея фикр билдирган Хожиматов.

У ўзбек халқи 130 йил қарамликка, таҳқирлаш ва камситишларга, зулму истибдод тазийқларига чидаб келганини таъкидлаб шундай дейди:

“Ер куррасида ягона бўлган муқаддас Ватанимизда фақат битта байроқ юксакка кўтарилади. Бу Ўзбекистон давлат байроғи!

Ҳар қандай мамлакатда унинг суверенитетига дахл қиладиган, бузғунчи мафкура асосида жамият бирлиги ва мамлакат хавфсизлигига раҳна соладиган ташкилотнинг фаолият юритиши қонун билан тақиқланади. Шу жиҳатдан бу ҳолатга ҳам сиёсий ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши лозим. Биз Ватанимиз билан фахрланамиз. Тарихимиз ҳам, тақдиримиз ҳам шу замин билан боғланган.

Фақат Ўзбекистондагина фарзандларимиз эмин-эркин, бахтли-саодатли яшашига ишонамиз!”

Эслатиб ўтамиз, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ушбу ҳолатни ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Минхожиддин Хожиматов

Баҳолаганлар

388

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар