Бу антимигрант сиёсатнинг маҳсули – Бекмуродов 10 яшар Қобилжоннинг фожиаси ҳақида (видео)

Олам

image

Россияда тожикистонлик мигрант оиланинг 10 яшар боласи мактабда ваҳшийларча 15 яшар ўқувчи томонидан ўлдирилиши, мамлакатда узоқ йиллардан буён олиб борилаётган антимигрант сиёсатининг мевасидир. Бу ҳақда Россиядаги миллатчилик ғояларига қарши дадил чиқишлар қиладиган ўзбекистонлик саноқли сиёсатчилардан бири – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида айтиб чиқди. 

У бўлиб ўтган воқеадан чуқур қайғуда эканини айтаркан, болакайнинг яқинлари, оила аъзолари ва бутун тожик халқига ҳамдардлик билдирган. 

“Бу ваҳшийликнинг сабабини англашга уринар эканман, авваламбор, бу йиллар давомида юритилган аксилмигрант сиёсатнинг маҳсули, деб биламан”, дейди Бекмуродов.

Унинг қайд этишича, Россияда йиллар давомида антимигрант сиёсати тарғиб қилинмоқда. Бунинг зарарли ва аянчли оқибатлари кўп бўлиши мумкин. 

“Биз Марказий Осиёда бирдамлик, якдиллик сиёсатини фаол қўллаб-қувватлашимиз ва бирлашишимиз, бир тан-у бир жон бўлишимиз керак. Ўйлайманки, ўзимизнинг ички имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланиб, ўз иқтисодиётларимизни ривожлантиришимиз, иш ўринларини яратишимиз, бошқа томонларга боғлиқлигимизни имкон қадар камайтиришимиз керак”, дейди депутат. 

17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У қўриқчи ва тўртинчи синф ўқувчисини пичоқлаб, болани ўлдирди. Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.

Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олинган. Унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Бобур Бекмурдов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар