Британияликлар уйларидан чиқишга қўрқмоқда
Олам
−
01 Май 2020
5531Бугун, 1 май куни Буюк Британияда ўтказилган сўров натижаларига кўра, чекловлар олиб ташлангандан сўнг кўплаб британияликлар уйларини тарк этишга шошилмаяпти. Бу ҳақда “Reuters“ нашри хабар берди.
Буюк Британияда 23 мартдан бери қатъий чекловлар амал қилмоқда. Аммо кеча, 30 апрель куни Бош вазир Борис Жонсон мамлакат пандемия чўққисидан ўтгани ва келгуси ҳафтада нормал ҳолатга қайтиш учун чекловларни аста-секин юмшатишни бошлаш режасини тузишга ваъда берди.
“Ipsos Mori“ томонидан ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, қатнашчиларнинг 60% дан кўпроғи жамоат транспортидан фойдаланишда, бар ва ресторанларга ёки спорт томошалари каби катта тадбирларга боришда ноқулайлик ҳис қилишади.
Шунингдек, сўровномада қатнашганларнинг 40% дан кўпроғи ҳали ҳам дўконларга боришни ёки болаларини мактабга юборишни истамайди. 30% дан кўпроғи эса иш ёки дўстлар билан учрашишдан қўрқишади.
Тадқиқот маълумотлари шуни кўрсатдики, америкаликлардан фарқли равишда британияликларнинг аксарияти карантин шартларига рози. Улар ҳукумат томонидан буюрилгани учун эмас, балки вирусни тарқатишни хоҳламаганликлари учун ушбу қарорга келишган.
“Бу жуда хавотирли вазият. Буюк Британияда одамлар кўчага чиқишни хоҳламайдилар“, дейди Кембриж университетининг статистикалар бўйича мутахассиси Дэвид Шпигельхальтер.
Унинг сўзларига кўра, кексалар ва ёлғиз одамлар ўзларини ҳимоя қилиш учун эҳтиёт бўла бошлашди. Аммо ёшларда бундай хавотир йўқ. Чунки улар учун хавф даражаси анча паст.
“Кўп одамлар, шубҳасиз, вирусни юқтириш эҳтимоли ва юқтиргандан сўнг унинг зарари ҳақида хавотирда“, дейди Шпигельхальтер.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат аҳолини хабардор қилиши ва аҳолини турли хавф тоифаларига ажратиши керак.
“Бизга хавф даражаси паст одамларни кўчага чиқишини ва имкони борича ҳаётга қайтишини рағбатлантириш учун қандайдир кампания керак“ дейди мутахассис.
Сўнгги маълумотларга кўра, Буюк Британияда коронавирус билан боғлиқ 171 253 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 26 771 нафари эса вафот этган. Соғайганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
LiveБарчаси