Британияда ўқувчиларга телефондан фойдаланиш тақиқланиши мумкин
Олам
−
27 Январь 763 2 дақиқа
Буюк Британия мактабларида ўқувчиларнинг мобил телефонлардан фойдаланишини тўлиқ тақиқлаш режалаштирилмоқда. Режага кўра, мактаблар кун давомида бутунлай “телефонсиз ҳудуд” бўлиши керак. Шунингдек, ўқитувчиларга ҳам ўқувчилар олдида телефон ишлатмаслик тавсия этилади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Англия Таълим вазири Брижит Филлипсон ўтган ҳафта ҳукумат томонидан эълон қилинган янгиланган кўрсатмаларни тушунтириш мақсадида мактабларга расмий хат йўллаган. Унда мактаблар телефонлардан фойдаланиш бўйича қоидалар барча синфларда ва ҳар доим бир хил тарзда қўлланилишини таъминлаши кераклиги таъкидланган. Вазир, шунингдек, ота-оналардан ҳам бу сиёсатни қўллаб-қувватлашни сўраган.
Филлипсоннинг сўзларига кўра, мактабларни текширувчи Офицет ташкилоти янги қоидалар амалда қандай ишлаётганини назорат қилади. Фан, инновация ва технологиялар департаменти (DSIT) эса болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича қўшимча чоралар кўришни режалаштирмоқда.
Янгиланган қўлланмада ўқувчилар дарс вақтида, танаффусларда, тушлик пайтида ёки дарслар орасида ўз мобил қурилмаларидан фойдаланмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.
DSIT маълумотларига кўра, ҳозирда бошланғич мактабларнинг деярли барчасида (99,9 фоиз) ва ўрта мактабларнинг 90 фоизида телефонлардан фойдаланиш бўйича қоидалар мавжуд. Шунга қарамай, ўрта мактаб ўқувчиларининг 58 фоизи айрим дарсларда телефонлардан рухсатсиз фойдаланилганини билдирган. Юқори синфларда бу кўрсаткич 65 фоизга етган.
Мазкур ташаббус ҳукумат 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни Австралия тажрибаси асосида чеклаш масаласини муҳокама қилаётган бир пайтда илгари сурилган. Таклифлар орасида рақамли розилик ёшини ошириш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги қарамликка олиб келувчи функцияларни чеклаш бор.
Маълум қилинишича, вазирлар декабрь ойида бундай тақиқ кучга кирган Австралияга ташриф буюради. Ҳукумат ота-оналар ва ёшларнинг фикрларини ўрганиб, ёз ойларида якуний қарорини эълон қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда 15 ёшга тўлмаган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси