Британия Марказий Осиё орқали Россияга ҳарбий техника экспорт қилмоқда – “Sky News”
Олам
−
22 Февраль
14442Британия компаниялари Россияга юзлаб миллион фунтлик асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилмоқда. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, товарлар, дрон ускуналари, оптик материаллар ва оғир техникалар Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қирғизистон, Арманистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга жўнатилмоқда. У ердан эса мазкур жиҳозлар Россияга йўналтирилади.
Рақамлар шуни кўрсатадики, Украинада икки йил аввал бошланган урушдан сўнг савдо санкциялари жорий этилгач, Россияга товар оқими кескин қисқарганига қарамай, Британиянинг катта ҳажмдаги нозик “икки мақсадли” товарлари ҳамон Москвага йўл олмоқда. Бу эса Россия армиясини Украинага қарши қўллаётган қуроллар учун эҳтиёт қисмлар ва жиҳозлар билан таъминлашга ёрдам беради.
Санкциялар қўлланилганидан кейин Британия товарларининг Россияга ўтиши 74 фоизга камайди. Россияга келаётган экспортнинг катта қисми озиқ-овқат, тиббий буюмлар ва бошқа гуманитар товарлардир. Оғир техника, электр жиҳозлари ва автомобиллар оқими деярли нолга тушди.
Британия ҳукумати вакили эса йирик иқтисодиётга нисбатан жорий қилинган энг жиддий иқтисодий санкциялар пакети киритилганини ва бу рақамлар санкциялар режимининг ниҳоятда муваффақиятли бўлганини англатишини айтди.
Бироқ, Буюк Британиянинг расмий савдо статистикасини обдон ўрганиш муқобил объективни тақдим этади.
Улар Буюк Британиянинг Россияга экспорти кескин пасайган бўлса-да, мамлакатнинг бир қатор собиқ совет давлатларига – Ўзбекистондан Грузиягача – мисли кўрилмаган даражада ўсганини кўрсатади.
Қайд этилишича, Британиянинг Қирғизистонга экспорти 1100 фоиздан ошиқроқ суръатда ўсган. Ушбу экспортда оғир машиналар ва транспорт воситалари устунлик қилади, чунки энди уларни тўғридан тўғри Россияга жўнатиб бўлмайди.
IFF молия институтининг собиқ бош иқтисодчиси Робин Брукснинг айтишича, бошқа Европа давлатлари, хусусан, Германия ва Польша ҳам Кавказ, Марказий Европа ва Осиё давлатлари орқали Россияга катта ҳажмдаги асбоб-ускуналарни жўнатиш билан бир қанча вақтдан бери шуғулланиб келмоқда.
“Улар мана шу Марказий Осиё давлатларининг биридан буюртма олаётгани аниқ”, дейди эксперт.
Расмийларнинг айтишича, улар доимий равишда Буюк Британиянинг санкциялар режимини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
“Яқинда биз санкцияларни кучайтириш учун янги Савдо санкцияларини қўллаш идораси ташкил этилганини эълон қилдик. Ушбу қаттиқ санкцияларга риоя қилмаслик жиддий жиноят ҳисобланади ва катта молиявий жарималар ёки жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади", дейди инглиз расмийси.
Бироқ, нашрга кўра, савдонинг кўлами ва кенглиги ҳайратланарли. Буюк Британиянинг экспорти нафақат Қирғизистонга кескин ошган, балки у Арманистонда ҳам кескин кўтарилди. Бу мамлакатларга юборилган товарлар орасида қуролга айлантирилиши мумкин бўлган "икки мақсадли" буюмларнинг сезиларли миқдори борлиги икки баробар ташвишлидир.
“Sky News” таҳлили шуни кўрсатадики, Украинадаги урушда қўлланилгани ҳужжатлаштирилган ушбу товарларнинг экспорти уруш бошланганидан бери тўртта Кавказ ва Марказий Осиё давлатларида 500 фоиздан кўпроққа ошган. Ушбу тўртта давлатга юборилган товарларнинг энг катта тоифаси самолётлар, вертолётлар ёки дронларнинг қисмлари бўлган.
Британия компаниялари ушбу тўртта давлатга 6 миллион фунт стерлинг қийматидаги товарларни экспорт қилган, бу одатдаги экспорт миқдоридан анча кўп. Буюк Британия экспортчилари томонидан жўнатилган бошқа товарларга маълумотларни қайта ишлаш машиналари, авиация ускуналари ва радионавигация воситалари киради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь