Британия қироли Чарльз III вафот этди – “Radio Caroline”
Олам
−
11:25 9958 1 дақиқа
Англиядаги “Radio Caroline” радиостанцияси тасодифан Британия қироли Чарлз III вафот этгани ҳақида эфирда хабар бериб юборди.
Ҳодиса 19 май куни кундузи содир бўлган. “The Independent” нашрининг ёзишича, Англияда эфирга чиқувчи “Radio Caroline” радиоси Чарлз III’нинг вафоти ҳақида хабар бериб, шундан сўнг “Худо қиролни асрасин” мадҳиясини қўйган. Кейин эфир тўсатдан узилиб қолган, бошловчилар одатий дастур вақтинча тўхтатилганини маълум қилган ва радио 15 дақиқа давомида жим қолган.
Радиостанция менежери Питер Мурнинг тушунтиришича, ҳодиса компьютердаги техник хато сабаб юз берган.
“Бизнинг асосий студиямизда барча Британия радиостанциялари тайёр ҳолда сақлайдиган, аммо ҳеч қачон ишга туширишга тўғри келмаслигига умид қиладиган “Монарх вафоти” процедураси тасодифан фаоллашиб кетди”, дейилади хабарда.
Унинг айтишича, хато тезда пайқалган ва эфир дарҳол тўхтатилган.
“Биз Олий ҳазратлари Қиролдан ва тингловчиларимиздан етказилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, дея хулоса қилган Мур.
2024 йил февраль ойида ОАВ 75 ёшли Чарлз IIIʼда саратон аниқланганини маълум қилган эди. Баёнотда қирол қандай турдаги саратонга чалингани ва касаллик қайси босқичда экани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Live
Барчаси