Британия Исроилга қурол сотишда рекорд кўрсаткичга эришди

Олам

image

Буюк Британия 2025 йилда Исроилга қурол-аслаҳа сотишда рекорд кўрсаткичга эришди. Бу ҳақда “Channel 4” нашри маълум қилди.

Қайд этилишича, йилнинг дастлабки тўққиз ойида Лондон Тель-Авивга тахминан 1 миллион фунт стерлинг (қарийб 1,2 миллион евро)лик ҳарбий маҳсулот сотган. Бу рақам аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан деярли икки баравар юқори бўлиб, айни дамда Британиянинг Исроилга қурол экспорти рекорд даражага чиққан. Айниқса, июнь ойида 400 минг фунтлик, сентябрда эса 310 минг фунтлик савдо амалга оширилган – бу икки ой охирги йилларда энг кўп қурол сотилган давр бўлган.

Сотилган маҳсулотлар орасида бомба, граната, торпедо, ракета ва ўқ-дорилар мавжуд. Август ойида 150 минг фунтлик экспорт амалга оширилган бўлиб, шундан 20 минг фунтлик қисмини ўқлар ташкил этган. Шунингдек, ушбу қуроллар кимга сотилгани ёки улар бошқа давлатларга қайта сотилганми йўқми, бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқ.

“Маҳсулотлар Ғазодаги можаро кучайишига хизмат қилмаслиги учун барча чора-тадбирларни кўрмоқдамиз”

Британия ҳукумати бу борада муносабат билдирар экан, қуйидагиларни таъкидлаган:

“Биз Ғазо ёки Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилидаги ҳарбий амалиётларда фойдаланилиши мумкин бўлган бомба ёки ўқ-дориларни Исроил армиясига сотмаймиз. Маълумотларда келтирилган маҳсулотлар асосан фуқаролик мақсадларида фойдаланилади. Ёки улар Исроил томонидан қайта сотилган бўлиши мумкин. Қурол экспорти борасида назорат тизимимиз жуда қатъий ва маҳсулотлар Ғазодаги можаро кучайишига хизмат қилмаслиги учун барча чора-тадбирларни кўрмоқдамиз”.

Исроил томони эса солиққа оид қонунлар сабабли қўшимча тафсилотларни очиқлай олмаслигини билдирган. Яҳудийларнинг баёнотида таъкидланишича, сотилган маҳсулотлар ўқ-дори ёки қурол эмас.

Маълумот ўрнида, Британия ҳукумати 2024 йилда Исроилга 30 га яқин қурол экспорт лицензиясини тўхтатган эди. Бироқ 2025 йил июль ойига икки давлат орасидаги қурол савдоси лицензияси 347 тага етган. Лондон ушбу маҳсулотлар мудофаа мақсадида экспорт қилинаётганини билдирмоқда.

Бундан ташқари, Британия Исроил фойдаланаётган F-35 қирувчи самолётларининг айрим қисмларини ҳам ишлаб чиқаради. Аммо расмийлар бу қисмлар глобал ишлаб чиқариш дастурига киргани ва бевосита Исроилга сотилмаётгани сабабли уларнинг экспорти тўхтатилмаслигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 6 октябрь куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида можарони тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган биринчи босқич музокаралар Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтди ва “ижобий муҳитда” якунланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия F-35 Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг