Британия Афғонистон қўшниларига, жумладан Ўзбекистонга $28 млн бермоқчи
Жамият
−
03 Сентябрь 2021
16677Буюк Британия қочқинларни бошпана ва санитария буюмлари билан таъминлаш учун Афғонистонга қўшни давлатларга 30 миллион фунт стерлинг (41,5 миллион доллар) миқдорида ёрдам беради. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилган.
Бу сумманинг 10 миллион фунт стерлинги (14 миллион доллар) гуманитар ташкилотларга, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигига дарҳол берилиши кутилмоқда.
Қолган 20 миллион фунт стерлинг (28 миллион доллар) “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин Афғонистонни тарк этган ўн минглаб қочқинларнинг оғир юкини ўз зиммасига олган минтақа давлатларига берилиши режалаштирилган. Гап Покистон, Тожикистон, Эрон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳақида кетмоқда.
“Биз Афғонистондан қочаётганларга ёрдам беришимиз ва инқирознинг минтақавий барқарорликка путур етказишига йўл қўймаслигимиз жуда муҳим. Шунинг учун ушбу қутқарув материаллари зарур. Улар ҳамма нарсасини ташлаб кетган афғонларни бошпана ва асосий санитария-гигиена воситалари билан таъминлайди”, дейилган хабарда.
Қайд этиш керакки, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Афғонистондаги вазиятнинг юки Марказий Осиё давлатлари зиммасига тушаётганини такъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, агар Афғонистонга қўшни бўлган давлатлар мамлакатдан қочиб келган муҳожирларга бошпана берса, эвазига Европа Иттифоқи ушбу давлатларга 600 миллион евролик молиявий ёрдам беришни таклиф қилмоқчи эди.
LiveБарчаси