Британия 2024 йилда Украинага 3 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам беради

Олам

image

2024 молия йилида Буюк Британия Украинага 2,5 миллиард фунт стерлинг (уч миллиард доллардан ортиқ) миқдорида ҳарбий ёрдам беради. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати баёнотида айтилади.

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак бугун, 12 январь куни Киевга ташрифи арафасида ушбу ҳарбий ёрдамни эълон қилган.

Ажратиладиган маблағнинг камида 200 миллион фунт стерлинги минглаб дронларни, жумладан разведка, ҳужум ва денгиз дронини сотиб олиш ва ишлаб чиқаришга сарфланади. Ҳукумат баёнотида бу харид туфайли Британия томонидан Украинага барча мамлакатларга қараганда кўпроқ дрон етказиб берилиши қайд этилган.

Бундан ташқари, молиялаштириш Украинани узоқ масофага учувчи ракеталар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва артиллерия ўқ-дорилари билан таъминлайди. Шу билан бирга, инсонпарварлик ёрдами доирасида Буюк Британия яна 18 миллион фунт стерлинг (тахминан 23 миллион доллар) ажратади, унинг бир қисми БМТ ва Қизил Хочни қўллаб-қувватлаш ҳамда Россия ҳужумлари муносабати билан Украинанинг энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Шунингдек, Зеленский ва Сунак мамлакатлар ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаши режалаштирилган. У разведка маълумотларини алмашиш, киберхавфсизлик, тиббий ва ҳарбий тайёргарлик, мудофаа-саноат ҳамкорлигини ўз ичига олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Украина ҳарбий ёрдам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг