“Британча” коронавирус Туркияда кенг тарқалмоқда
Олам
−
30 Январь 2021
7454Туркиянинг 17 та шаҳрида "британча" коронавирус аниқланган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кожа Twitter'даги саҳифасида хабар берган.
"Мамлакатимизда мутацияга учраган вирус аниқланган фуқаролар сони 128 тага етди. "Британча" вариант 17 та шаҳарда қайд этилди", дейилган хабарда.
Кожа фуқароларни эҳтиёт бўлишга чақирган ва мутация инфекция хавфини ошириши ҳақида огоҳлантирган.
Аввалроқ, коронавируснинг "британча" версияси 70 та мамлакатда аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Бундан ташқари, 31 та мамлакатда коронавируснинг Жанубий Африкадан топилган янги варианти аниқланган.
Маълумот учун, "британча" мутация 2020 йил сентябрь ойида Англиянинг жануби-шарқида аниқланган. Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавируснинг “британча” варианти 70 фоиз кўпроқ юқумли бўлиши мумкинлигини эълон қилган.
Жанубий Африка Ҳукумати эса 2020 йил 21 декабрь куни мамлакат жанубида октябрь ойида янги ва тажовузкор коронавирус шакли топилганини эълон қилди. “501.В2” вируси Жанубий Африкада эпидемиянинг иккинчи тўлқинини келтириб чиқарди ва январь ойининг ўрталарида авжига чиқди. Дастлабки тадқиқотлар шуни кўрсатадики, коронавируснинг бу тури жуда юқори даражада тарқалмоқда.
LiveБарчаси