Бразилиялик футболчи мотоциклда сигир билан тўқнашувдан сўнг вафот этди
Спорт
−
23 Октябрь 2025 2964 2 дақиқа
Бразилиянинг Пиауи штатида маҳаллий “Пиауи” жамоасининг 20 ёшли футболчиси Антони Илано мотоциклда сигир билан тўқнашув оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “CNN Brasil” нашри хабар берди.
Федерал автомагистраль полицияси (PRF) маълумотига кўра, бахтсиз ҳодиса жорий йилнинг 20 октябрь куни тонгда, маҳаллий вақт билан соат 3:15 атрофида Алтус ҳудудида содир бўлган. Илано ҳайдаб кетаётган мотоцикл йўл бўйида турган сигир билан тўқнашиши оқибатида автоҳалокатга учраган.
Маълум қилинишича, футболчи отасининг туғилган кунини нишонлаб, уйга қайтаётган пайтда ҳалокатга учраган. Унинг ўлими “Пиауи” клуби томонидан тасдиқлади. Клуб спортчининг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Антони Илано “Пиауи” U-20 жамоаси сафида ўйнаб келган ва сўнгги кунларда 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Бразилия кубоги баҳсларига тайёргарлик кўраётган эди. У илгари “Флуминенсе” ва “Алтус” клубларида ҳам тўп сурган.
“Клубимиз собиқ футболчиси, ёш истеъдод Антони Иланонинг фожиали ўлимидан чуқур қайғудамиз. У 2023 йилда “Алтус” сафида профессионал дебютини ўтказган эди. Ушбу оғир пайтда биз унинг оиласига ва яқинларига куч ва сабр тилаймиз”, дейилади “Алтус” клуби расмий баёнотида.
Маълумот учун, Антони Йлано 2023 йилда C Сериянинг сўнгги турида “Ремо”га қарши баҳсда “Алтус” либосида профессионал дебютини амалга оширган эди.