Бразилияда Леди Гаганинг концертида даҳшатли терактга уриниш бўлди
Маданият-санъат
−
05 Май 10410 2 дақиқа
Жорий йилнинг 3 май куни Бразилия полицияси машҳур қўшиқчи Леди Гаганинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги Копакабана пляжида бўлиб ўтган ва 2 миллиондан ортиқ томошабин иштирок этган бепул концертида юз бериши мумкин бўлган портлашнинг олдини олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Расмийларга кўра, Рио-де-Жанейро штати полицияси ва Бразилия Адлия вазирлиги биргаликда террорчилик ҳаракатини тайёрлаётган бир гуруҳ шахсларни аниқлаган. Полиция баёнотида айтилишича, гумонланувчилар олдин нафрат уйғотиш пропагандаси билан шуғулланган, зўравонликка ундовчи контент тарқатган ва ёшлар орасида тажовузкор кайфиятни рағбатлантирган.
“Улар орасида вояга етмаганлар ҳам бор бўлган иштирокчиларни қўлбола портловчи моддалар ва молотов коктейллари ёрдамида бир вақтнинг ўзида ҳужумлар уюштириш учун ёллаган”, дейилади полиция баёнотида.
“Reuters”нинг ёзишича, ушбу гуруҳ Леди Гага концертида бомба портлатишни режалаштирган.
Бразилия Адлия вазирлиги маълумотига кўра, гумонланувчилар ўзларини “Little Monsters” – Леди Гаганинг глобал фан-клуби аъзолари деб таништирган. Бу атама қўшиқчининг содиқ мухлислари орасида кенг тарқалган бўлиб, Гага 2012 йилда шу номдаги ижтимоий тармоқни ҳам ишга туширган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари интернетда ташкил этилган “рақамли ячейкалар”ни аниқлаган. Улар орқали экстремистик рамзлар, махсус шифрланган тил ва тарғиботлар орқали зўравонликни рағбатлантириш бўйича фаолият олиб борилган.
Терговчиларнинг фикрича, ушбу гуруҳ раҳбари Бразилиянинг жанубидаги Риу-Гранди-ду-Сул штатида ноқонуний қурол сақлашда гумонланиб ҳибсга олинган. Мамлакат бўйлаб – Рио-де-Жанейро, Мату-Гросу, Риу-Гранди-ду-Сул ва Сан-Паулу штатларида ўнлаб тинтув ордерлари чиқарилган.
Live
Барчаси