Бразилияда 55 минг кишилик шаҳар йўқ бўлиб кетиши мумкин
Бу қизиқ
−
26 Февраль
6754Бразилиянинг Амазонка минтақасида жойлашган шаҳар улкан жарликлар туфайли йўқолиш хавфи остида қолди. Бу ҳақда “Oddity Central” хабар берди.
Буритикапу – аҳолиси тахминан 55 минг кишидан иборат бўлган шаҳар жиддий таҳдидга дуч келмоқда. Тез суръатда кенгайиб бораётган улкан жарликлар уни буткул вайрон қилиши мумкин. Сўнгги ойларда бу муаммо янада кучайиб, расмийлар энг хавфли ҳудудлардан 1200 кишини эвакуация қилишга мажбур бўлган.
Буритикапуда жарликлар муаммоси тахминан 30 йил олдин бошланган бўлиб, бу ернинг қумли тупроғининг эрозияси, самарасиз шаҳар режалаштириш ва оммавий ўрмон кесиш жараёнлари билан боғлиқ. Аммо сўнгги кучли ёмғирлар жараённи кескин тезлаштириб, жарликларнинг кенгайишига сабаб бўлди. Бир неча йил олдин мутахассислар бу ҳудудда 26 та улкан чуқурликни аниқлаган. Уларнинг баъзилари 20 метргача чуқурликка эга бўлиб, ўзаро қўшилиб, улкан жарликларга айлана бошлаган.
“Сўнгги ойларда жарликлар геометрик прогрессияда кенгайиб, турар-жойларга яқинлашмоқда”, дейилади маҳаллий расмийлар томонидан чиқарилган фавқулодда қарорда.
Ҳокимият фавқулодда ҳолат эълон қилган, аммо вазият назоратдан чиқиб кетган. Улар ҳозирча фақат эвакуация қилинган фуқароларни шаҳарнинг хавфсизроқ ҳудудларига жойлаштириш билан шуғулланмоқда.
“Бу яхши, гўзал шаҳар, аммо ҳозирги шароитда у бир неча йилдан кейин буткул йўқ бўлиб кетиши мумкин”, дейди маҳаллий тадбиркор Карлос Мартинс.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мармар денгизи ҳудудида бўлиши мумкин бўлган зилзила оқибатида қарийб 4 миллион кишининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлиги хабар қилинганди. Ушбу ҳудудда жойлашган Истанбул шаҳрида эса 16 миллион киши яшайди. Сейсмологларнинг баҳолашича, магнитудаси 7 ёки ундан юқори бўлган зилзилада тахминан 90 минг бино вайрон бўлади, 260 минг бино шикастланиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келади. 4,5 миллион одам вақтинчалик бошпанага муҳтож бўлади.
LiveБарчаси