Бразилия Президенти Россияга парвозини бекор қилди
Олам
−
21 Октябрь
9805Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этиш учун Россияга бориши керак эди, аммо у парвозини бекор қилди. Бу ҳақда кеча, 20 октябрь куни давлат раҳбари идорасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Бразилиядаги Cirio Libanes шифохонаси томонидан эълон қилинган тиббий хулосага кўра, сиёсатчига узоқ масофаларга ҳаво қатновидан қочиш тавсия этилган. Аммо бошқа йўл билан у ўзининг оддий вазифаларини бажаришга қодир.
Тиббий хулосада айтилишича, Президент бошининг “оксипитал қисми” жароҳат олган. Идора маълумотларига кўра, у уйида тасодифан жароҳатланган.
Бразилия раҳбари 20 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17.00 да (Москва вақти билан 23.00) Россия Федерациясига учиши керак эди. Энди у видеоконференция орқали форумда иштирок этади.
Маълумот учун, BRICS – бу Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикасини ўз ичига олган норасмий давлатлар гуруҳи. BRICS’ни яратиш Россия ташаббуси билан бошланган. Ташкилот форматидаги биринчи вазирлар учрашуви 2006 йил 20 сентябрда Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида бўлиб ўтган.
Сентябрь ойида НАТО аъзоси Туркия BRICS’га аъзо бўлиш учун ариза бергани маълум бўлди. Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса 2023 йилнинг август ойида Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликлари тўлиқ аъзо бўлишга таклиф қилинганини эълон қилди. Аргентина кейинчалик бу қадамдан воз кечди.