Бразилия гуруҳ етакчиси бўлиб плей-оффга чиқди
Спорт
−
05:08 2951 1 дақиқа
Бугун, Бразилия терма жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг учинчи турида Шотландияни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Учрашув АҚШнинг Флорида штати, Майами шаҳрида бўлиб ўтди. Бразилияликлар сафида Винисиус Жуниор 7- ва 45+3-дақиқаларда дубль қайд этди. Матеус Куня эса 60-дақиқада жамоасининг учинчи голини урди.
Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Неймар 2023 йил 18 октябрдан бери илк бор миллий жамоа сафида майдонга тушди. У 76-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди.
Шу тариқа, Бразилия миллий жамоаси “C” гуруҳида 7 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Гуруҳнинг бошқа учрашувида Марокаш Гаитини 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, 7 очко жамғарди. Аммо ўзаро кўрсаткичлар бўйича Бразилиядан ортда қолди.
Шотландия 3 очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллади. Гаити эса 0 очко билан сўнгги поғонада қолди.
1/16 финалда Бразилия жорий йилнинг 29 июнь куни “Ф” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоа билан баҳс олиб боради. Ушбу гуруҳда Нидерландия, Япония ва Швеция терма жамоалари иккинчи ўрин учун курашмоқда.
Марокаш эса 30 июнга ўтар кечаси “Ф” гуруҳи ғолибига қарши 1/16 финал учрашувида майдонга тушади.
Live
Барчаси