Браун университетидаги отишмада қўлга олинган шахс озод қилинди

Олам

image

Бугун, 15 декабрь куни, икки нафар талабанинг ҳалок бўлиши (бири ўзбекистонлик 2007 йилда туғулган фуқаро) ва тўққиз кишининг яраланишига сабаб бўлган Браун университетидаги оммавий отишма бўйича қўлга олинган эркак ҳибсдан озод қилинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, Провиденс полицияси бошлиғи Оскар Перес 13 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида 20 ёшлар атрофидаги эркак ушбу ҳодиса билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олинганини айтган, бироқ қўшимча тафсилотларни очиқламаганди.

Шу куннинг ўзида, маҳаллий полиция матбуот анжуманида ҳибсга олинган шахс қўйиб юборилиши, тергов “бошқа йўналишда” олиб борилаётганини маълум қилди.

“Биз ҳали ишни тўлиқ очмадик, аммо яқин келажакда бунга эришишимизга ишонаман”, деди Род-Айленд штати бош прокурори Питер Неронха.

Унинг таъкидлашича, дастлаб ушбу шахсни ҳибсга олиш учун маълум далиллар мавжуд бўлган, аммо кейинчалик тергов давомида унга нисбатан шубҳалар тасдиқланмаган.

Шу билан бирга, расмийлар кузатув камералари ёзувларида акс этган номаълум шахс ҳали ҳам асосий қидирувдаги шахс эканига ишонишларини билдиришди.

ФҚБ директори Каш Пател 14 декабрь куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида манфаатдор шахс Браун кампусидан тахминан 30 дақиқалик масофада жойлашган Род-Айленд штатидаги Ковентри шаҳридаги меҳмонхонадан қўлга олинганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ФҚБ мутахассислари гумонланувчини аниқлашда геолокация маълумотларидан фойдаланган.

Қотил ҳали озодликда юрган бўлиши мумкинлигига қарамай, расмийлар кампус ва унинг атрофида жорий этилган бошпанага олиш тўғрисидаги буйруқни қайта тикламасликка қарор қилган.

Ушбу отишма Қуролли зўравонлик архиви маълумотларига кўра, жорий йилда АҚШда содир бўлган қарийб 400 та оммавий отишманинг сўнггиси ҳисобланади. Ҳозирда таълим муассасасида йилнинг қолган қисми учун имтиҳонлар ва дарслар бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу отишмада ҳалоқ бўлганлардан бири Ўзбекистон фуқароси эканлиги ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўзбекистонлик отишма Браун Род-Айленд штати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг