БП ўқувчи ток уриши оқибатида вафот этганини тасдиқлади
3-саҳифа
−
28 Ноябрь 2023
8339Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманининг 99-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси вафот этиши билан боғлиқ ҳолат бўйича расмий баёнот берди.
Унда қайд этилишича, кеча, 27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 ларда, Мирзо Улуғбек тумани, 99-сонли умумтаълим мактаби 8-“I” синф ўқувчиси, Яшнобод тумани, Чилол ота кўчаси, 87-уйда яшовчи 2009 йилда туғилган Амирхон Асқар ўғли Акромхўжаев, шу мактаб ҳовлисида спорт майдонидан чиқиб кетаётган вақтида боши билан йиқилиб, оғзи кўпириб, бироз титраб сўнг хушидан кетган ва мактаб ходимлари томонидан зудлик билан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинган.
Орадан тахминан 15 дақиқа ўтганидан сўнг у тез тиббий ёрдам билан 15-сонли Республика Кардиология марказига олиб кетилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Амирхон Акромхўжаев вафот этган.
“Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Амирхон Акромхўжаевнинг ўлими “Электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, чап қўл кафт соҳаси электр тамғаси” натижасида юз берган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади БП баёнотида.
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ даги манбасига таяниб, Тошкент шаҳрида 8-синф ўқувчиси очиқ турган электр токи симига тегиб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ, Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бола ток уриши оқибатида ҳалок бўлганини рад этиб, ўқувчи ҳушидан кетиб вафот этганини маълум қилди. Бироқ, бошқарма буни ҳеч қандай маълумот билан далилламаган.
LiveБарчаси