Илма-тешик бўлган Ичан қалъа деворлари ёхуд туризмга эътибор шуми?

Таҳлил

QALAMPIR.UZ Хивада аждодларимиз томонидан бунёд этилган меъморий обидаларни кўздан кечирар экан, сайёҳлар қадами узилмайдиган бу кўҳна шаҳардаги ечимини кутаётган айрим муаммоларни эътибордан четда қолдирмади. Чунончи, бугун Хивада тур операторларининг етишмаслиги, борлари ҳам республиканинг бошқа ҳудудларидан экани, сайёҳлар оқимининг кўпайишига , шаҳарга тур операторлари сув ва ҳаводек зарур. 

QALAMPIR.UZ Ичан қалъа мажмуасининг карвонсарой қисмидаги ҳудудни кўздан кечирар экан, ўз ҳолига ташлаб қўйилган катта майдондаги ҳаробаликларни кўриб, дили хира бўлди. Маҳаллий аҳолига кўра, бу ташландиқ ҳудудда бундан 2-3 йил олдин бозор бўлган. Икки қаватли савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари бундан атига бир неча йил илгари катта маблағ эвазига замонавий услубда қайта қурилган. Кўп ўтмай “снос”га тушиб, “чалажон” ҳолга келтирилди. Бозорнинг бузилиши олдида қадимий карвонсаройдан ҳунарманд ва савдогарларнинг чиқариб юборилиши эса дард устига чипқондек бўлди.

 

Сайёҳларга турли буюмларни сотиш орқали кун кечираётган юзлаб савдогарлар бозор ҳамда карвонсаройдаги савдо расталаридан мосуво бўлгач, қалъа ичкарисидан нажот топди. 

Бу нажот ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ҳар бир ғишти хорижликларнинг ҳайратига сазовор бўлаётган ёдгорликлар олдига мих қоқилиб, узун иплар тортилди. “Ота дарвоза”дан бошланган савдогарлар карвони қалъа ташқарисига довур давом этади. Маҳаллий ёки хорижлик сайёҳнинг қалъадаги илк нигоҳи тарихий обидаларга эмас, келинг, нима берайин дейдиган савдогарларга тушади. Шу боис Ичан қалъа ичидаги савдогарларни қалъадан чиқариб, улар учун алоҳида бозор қуриш ҳамда карвонсаройни жойига қайтариш ниҳоятда зарур. 

Нафсиламбиларимни айтганда, савдо орқали тирикчилик қилаётган тадбиркорларга шароит яратилиши шарт. Фақат қалъа ичида эмас.

Сафар давомида Ичан қалъадаги тарихий обидаларнинг аксарияти таъмирланаётганига гувоҳ бўлдик. Бироқ бу ишларни соҳанинг ҳақиқий эгаси бўлган реставраторлар таъмирлаяптимикан, деган ўй ҳам ҳаёлдан ўтди. 

Хивада тарихий обидаларни таъмирлаш устахонасини тиклаш, шу йўналишда ишлаган мутахасисларни ишга қайта жалб қилиш, янги авлод таъмиршунослар мактаби ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Яна бир жиҳат, музей-қўриқхонада тарихий ёдгорликларни сақлаш бўлими қайта ташкил қилиниб ўз фаолиятини давом эттириши керак.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Давлат раҳбарининг 2018 йил 19 декабрда имзоланган “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ҳамда унинг  ҳудудий бошқармалари ташкил этилган.

Ўйлаймизки, департамент алоҳида муҳофаза қилинадиган жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган Хивадаги Ичан қалъа музей-қўриқхонаси ва кўҳна  шаҳарнинг тарихий  ҳудудларда табиий ландшафт ва ўзига хосликни сақлаб қолиш борасида тайинли ишларни қилади.

Ҳар ҳолда Ичан қалъа ташқарисидаги бозорни тиклаш ва карвонсаройни ҳунармандларга топшириш  ўз долзарблигини йўқотмайдиган муаммолардани бири ҳисобланади.


QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

бозор Хива

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг