Божхона кодексининг 81 та моддасига ўзгартириш киритилмоқда
Жамият
−
21 Октябрь 2021
4310Бугун, 21 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди. Қонун билан амалдаги Божхона кодексининг 81 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, 70 та моддага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 10 та янги модда билан тўлдирилмоқда ва 1 та модда чиқариб ташланмоқда.
Таклиф этилаётган асосий ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагилардан иборат:
Божхона назоратини соддалаштириш йўналишида божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилмоқда, товар ва транспорт воситаларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинмоқда;
Шунингдек, қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган товарларнинг чиқиш нормасини ваколатли шахслар томонидан белгилашнинг ҳуқуқий асоси белгиланмоқда;
Божхона тўловлари тўланишини соддалаштириш йўналишида эса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда солиқ солишдан озод этиладиган товарлар рўйхати мувофиқлаштирилмоқда;
Бундан ташқари, Божхона кодекси янги моддалар билан тўлдирилмоқда. Хусусан, божхона ва тадбиркорлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича янги тизим киритилмоқда.
Қайд этилишича, Божхона органларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ 2019 йилда 15 та ва 2020 йилда 29 та низоли ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган бўлиб, бу тадбиркорларнинг турли суд инстанцияларидаги оворагарчилигига сабаб бўлган.
Таклиф этилаётган янги тизим ёрдамида мавжуд низоларни дастлаб божхона органларида ҳал этиш ва бу орқали судда кўрилаётган низоларни ўртача икки баробарга қисқартиришга эришилади.
Қонуннинг қабул қилиниши божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилиниши ҳамда Божхона кодексида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси