Бошқарма ўқувчи ток уришидан ҳалок бўлганини рад этди. Лекин факт йўқ!
3-саҳифа
−
28 Ноябрь 2023
5566Аввалроқ, QALAMPIR.UZ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ даги манбасига таяниб, Тошкент шаҳрида 8-синф ўқувчиси очиқ турган электр токи симига тегиб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берганди. Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бола ток уриши оқибатида ҳалок бўлганини рад этиб, ўқувчи ҳушидан кетиб вафот этганини маълум қилди.
“Кеча, 27 ноябрь куни тахминан соат 18:15 да Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли умумтаълим мактаби 8-“И” синф ўқувчиси A.A. мактаб ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида тоби қочган ва ҳушидан кетган. Шу вақтни ўзида мактаб қоровули томонидан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинган. Ўқувчи тез ёрдам машинасида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига олиб кетилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдамга қарамай A.A. ўзига келмаган ва вафот этган”, дейилади бошқарма баёнотида.
Шунингдек, қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бошқарма суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтиб туриб ҳам боланинг вафотини унинг ҳушидан кетгани билан боғлаб, воқеага электр токи сабаб бўлганини рад этган. Энг қизиғи, буни ҳеч қандай шаклда далилламаган, қолаверса, ҳали суд-тиббий экспертизаси хулосалари ҳам йўқ.
QALAMPIR.UZ журналисти ҳозирда воқеа жойида бўлиб турибди, ҳолат юзасидан батафсил маълумот тўпланмоқда.
LiveБарчаси