Бош вазир хизмат автомобилини Mercedes-Benz’дан Malibu’га ўзгартирди

Жамият

image

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов хизмат автомобилини Mercedes-Benz’дан Malibu’га ўзгартирди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

Билдирилишича, Абдулла Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатишни топширган.

“Президентимиз берган барча топшириқларни сўзсиз бажаришимиз шарт, муҳокамага ўрин йўқ. Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси”, деган Бош вазир видеоселекторда.

Бекзод Ҳидоятовга кўра, бугунги кунда ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган.

Хусусан, Сенат Раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, Бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse автомобилларидан хизмат машинаси сифатида фойдаланмоқда.

Билдирилишича, шу кунгача фойдаланиб келинган автотранспорт воситалари эса босқичма-босқич E-auksion — электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев  раислигида ўтган коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда амалдорлар хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобиль ва миллий мебелга ўтиши зарур экани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов Mercedes-Benz Malibu

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг