Бош вазир 13 кишини меҳмон қилгани учун жаримага тортилди
Олам
−
10 Апрель 2021
7633Норвегия Бош вазири Эрна Сульберг коронавирусга қарши кураш учун ўрнатилган чекловларни бузгани учун 20 000 крона (2 352 доллар) жаримага тортилди. Бу ҳақда мамлакат полицияси вакили Уле Сэверуд маълум қилган.
Жорий йилнинг февраль ойи охирида Сульберг 60 ёшга тўлишини қариндошлари билан чанғи курортида икки кун давомида нишонлаган. Биринчи кунда унинг зиёфатига 13 киши йиғилган, аммо Бош вазирнинг ўзи шифокор қабулида бўлган. Иккинчи куни у ва меҳмонлари ижарага олинган квартирада базмни давом эттирган.
Мамлакатда амалда бўлган карантин қоидаларига кўра, 10 кишидан ортиқ одамлар жумоа бўлиб бир жойда тўпланиши мумкин эмас.
Қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларига март ойида етиб келганида, Сульберг оммавий равишда узр сўраган. Сўнг унга қарши тергов бошланганди.
"Полиция одатда бундай қонунбузарликлар учун жарима солмаса ҳам, ушбу ҳолат Бош вазир учун истисно қилинган", деган Сэверуд.
Полицияга кўра, коронавирус билан боғлиқ санитария талаблари ва чекловларни жорий этиш ёки юмшатиш бўйича қарорни Бош вазир қабул қилади. Шунинг учун унинг ўзи бошқаларга ўрнак бўлиши ва қоидаларга амал қилиши керак.
"Қонун ҳамма учун бир бўлса-да, унинг олдида ҳамма бир хил эмас, жамоатчилик ишончини сақлаб қолиш учун унга жарима солиш тўғри бўлади", деган полиция вакили.
Полиция иккала базмни ҳам Сульберг эри Синдре Финнес билан биргаликда ташкил этганини аниқлаган. Бироқ, Финнес ва 13 кишини қабул қилган ресторан ҳам қонунни бузган бўлишига қарамай, улар жаримага тортилмайди.
Маълумот ўрнида, жорий йил бошида коронавируснинг янги штаммлари билан касалланиш ва юқтиришнинг янги ҳолатлари кўпайиши фонида Сульберг қатъий чеклов чораларини кўришни талаб қилган. У шу йилнинг сентябрь ойида парламент сайловларида иштирок этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь