Бош прокурорнинг бозорларга қадами қутлуғ келди: гўшт нархи 55 минг сўмга тушиб кетди
Жамият
−
24 Декабрь 2020
17226Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент бошлиғи Дилшод Рахимов бугун Тошкент шаҳрининг “Миробод”, “Аския”, “Чилонзор”, “Фарҳод” ва “Эски жўва” деҳқон бозорларида бўлиб мавжуд аҳвол билан яқиндан танишишди. Бу ҳақдаги хабарлар ва суратлар Бош прокуратуранинг ижтимоий тармоқлардаг саҳифасида тарқатилди.
Суратларда Бош прокурор бозор расталарини кўздан кечирганини кўриш мумкин. Суратларда англашилишича, Бош прокурор борган бозорлардан бирида 1 кг мол гўшти 55 минг сўмдан сотиляпти. Бу ўша музлатгичда намойишга қўйилган сифатли, лаҳим гўштнинг нархими ё бошқасининг, буниси бизга қоронғи.
Бош прокуратурадан қайд этишларича, давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси доирасида расталарни маҳсулотлар билан тўлдириш, деҳқон бозорлари ва йирик савдо объектларида ярмаркалар ташкил этиш, уларга маҳсулотларни арзонлаштирилган нархларда етказиб бериш борасида ишлар аҳволи Бош прокурор томонидан жойларга чиққан ҳолда тизимли равишда ўрганилмоқда.
Юқори номлари келтирилган бозорларда, бошқа барча ҳудудлардаги каби Янги йил байрами муносабати билан арзонлаштирилган байрам ярмаркалари ташкил этилган.
Жумладан, ўрганилган 5 та бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш учун жами 15 нафар прокуратура ва департамент органларининг ходимлари бириктирилган.
“Ярмаркаларга Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Фарғона, Қашқадарё вилоятларининг 50 та фермер ва деҳқонлари ҳамда қарийб 100 нафар улгуржи савдо ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари номма-ном бириктирилиб, уларга 350 та раста ажратилган.
Ушбу деҳқон бозорларида ҳафта бошидан буён 2 586 тонна 30 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда сотилган бўлиб, 267 тонна гўшт, 7 млн 600 минг донадан ортиқ тухум, 722 тонна картошка, 160 тонна шакар, 136 тонна гуруч аҳолига ҳамёнбоп нархда етказиб берилиши таъминланган.
Бундан ташқари, балиқ, консерва, салқин ва спиртли ичимликлар, сут маҳсулотлари, мевалар, шу жумладан, цитруслар ҳамда турли ширинликлар савдоси ҳам йўлга қўйилган.
Ички истеъмол бозорида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминланиши ҳамда белгиланган вазифаларни тизимли равишда давом эттириш тўғрисида Бош прокурор томонидан масъулларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди”, дейилади Бош прокуратура хабарида.
LiveБарчаси