Бош прокуратура ўқитувчиларни ҳимоя қилиш бўйича қонун ишлаб чиқди

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан ишлаб чиқилган қонун МЖТКга ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, хусусан болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилганлик учун жарима миқдорини ошириш таклиф этилмоқда.

Шунга кўра, 47-модданинг:

биринчи қисмининг санкциясидаги “иккидан бир қисмидан уч бараваригача” деган сўзлар “бир бараваридан беш бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

иккинчи қисмининг санкциясидаги “уч бараваридан беш бараваригача” деган сўзлар “беш бараваридан ўн бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

учинчи қисмининг санкциясидаги “беш бараваридан ўн бараваригача” деган сўзлар “ўн бараваридан ўн беш бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

тўртинчи қисмининг санкциясидаги “ўн бараваридан йигирма бараваригача” деган сўзлар “ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача” деган сўзлар билан алмаштирилади;

Шу билан бирга, лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашганлик ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи янги модда киритиш назарда тутилмоқда.

Қуйидаги мазмундаги 197-5-модда билан тўлдирилади:

“197-5-модда. Таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш

Таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш –

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

фуқароларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”;

Лойиҳада белгиланаётган тартибга биноан таълим муассасаларининг педагогик ходимлари ўз касбий фаолиятига ноқонуний аралашган ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган шахслар устидан маъмурий судларга тўғридан тўғри ариза тақдим этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

283-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилади:

“Ушбу Кодекснинг 197-5-моддасида назарда тутилган таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашилган ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинган тақдирда, таълим муассасасининг педагогик ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”;


Мақола муаллифи

Теглар

қонун ўқитувчи

Баҳолаганлар

116

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг