Бош прокуратура ишда вафот этган ходими учун салкам 1 млрд нафақа тўлайди

Жамият

image

Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори лавозимида ишлаган марҳум ходими Самир Раҳмоновнинг ўлими учун унинг турмуш ўртоғи фойдасига 951 миллион 200 минг сўм бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 миллион сўм маънавий зарарни тўлаб беради. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суднинг жорий йил 10 мартдаги ажрими билан даъвогар А. Рахмонов вафот этгани сабаб, унинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси иш юритувидан тугатилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг жорий йил 28 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан Н. Раҳмонованинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.

Жавобгардан Н. Раҳмонованинг фойдасига 951 275 952 сўм миқдорида бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши ҳамда давлат фойдасига 76 642 076 сўм давлат божи тўланиши белгиланди.

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг апрель ойида Бош прокуратуранинг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этганди. Шундан сўнг, марҳумнинг отаси депутат А. Раҳмонов  марҳум хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этгани, тўрт нафар вояга етмаган фарзанди боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётгани сабаб судга мурожаат қилганди. Бироқ, суд А.Раҳмоновнинг даъвосини рад этган. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура ходимининг вафотига изоҳ берганди. Изоҳда прокуратура Самир Раҳмоновнинг вафоти ҳақида тегишли Низом белгиланган тартибга биноан тегишли идораларга маълум қилмагани айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

615

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг