Бош прокуратура Гулнора Каримованинг адвокатини бузғунчиликда айблади
Жамият
−
10 Декабрь 2019
10471Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – Фонд Форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримовани 7 нафар адвокат ҳимоя қилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Каримовани ҳимоя қилаётган адвокатлар ҳақида қўшимча маълумотларни эълон қилди.
“Гулнора Каримованинг манфаатлари ҳимоясида қатнашаётган адвокатлар хусусида келиб тушаётган кўплаб сўровлар юзасидан шуни маълум қиламизки, уларнинг барчаси Гулнора Каримованинг яқин қариндошлари томонидан ёлланган бўлиб, тегишли тартибда адлия органлари томонидан берилган адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир”, дейилади хабарда. .
Қайд этилишича, адвокатлар билан барча муносабатлар Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида амалга ошириб келинмоқда ҳамда улар томонидан ўз мижозлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда чекланганликлари хусусида бирон-бир шикоят ва илтимоснома келиб тушмаган.
“Ўзини Гулнора Каримованинг адвокати сифатида таништириб келаётган Грегуар Манжа хусусида шуни маълум қиламизки, амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган.
Айни вақтда, чет эллик адвокат Грегуар Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Гулнора Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган бўлиб, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.
Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Грегуар Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган.
Ваҳоланки, пенитенциар муассасалар халқаро ҳуқуқни ҳимояловчи ташкилотлар учун ҳам очиқ бўлиб, уларнинг мониторинг ҳисоботлари мунтазам равишда чоп этиб борилади.
Шунга кўра, ўзбек тарафи мутаносиб чора тариқасида Г.Манжанинг Ўзбекистон Республикасига киришига рухсат беришни рад этишга мажбур бўлди.
Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноят иши бўйича бошқа жиноий шерикларининг чет эл адвокатлари Ўзбекистон Республикасидаги ўз мижозлари билан чекловсиз муносабатни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси