Боливияда пулга тўла самолёт қулаб тушди (видео)
Олам
−
28 Февраль 10784 1 дақиқа
Боливияда нақд пул ортилган ҳарбий юк самолёти ҳалокатга учраши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум бўлишича, кеча, 27 февраль куни Боливия пойтахти Ла-Пас шаҳри яқинида банкноталар ортилган ҳарбий юк самолёти ҳалокатга учраган. Оқибатда камида 15 киши ҳалок бўлган. Ҳалокат туфайли автомагистралда 10 га яқин транспорт воситалари шикастланган ва купюралар ерга сочилиб кетган.
Қайд этилишича, C-130 самолёти шарқий Санта-Круз шаҳридан учиб ўтиб, Ла-Пасдаги халқаро аэропортга қўниш пайтида ҳалокатга учраган.
Боливия ҳаво кучларига тегишли самолёт марказий банкдан бошқа шаҳарга янги банкноталарни олиб кетаётган бўлган.
Ёнғин хизмати бошлиғи Павел Товар ҳалок бўлганлар самолётда ёки Ла-Пас аэропорти яқинидаги автомагистралда бўлганига ҳозирча аниқлик киритмаган.
Самолёт қолдиқлари, вайрон бўлган машиналар ва жасадлар йўлга сочилиб кетган. Ўт ўчирувчилар самолётни қамраб олган алангани ўчиришга муваффақ бўлишган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан олинган кадрларда одамлар купюраларни йиғишга шошилаётгани, полиция эса уларни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборишга уринаётгани кўрсатилган.
Мудофаа вазирлиги ҳалокатни тасдиқлаган, аммо қўшимча маълумот бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда ҳарбий F-16 қирувчи самолёти автомобиль йўлига қулаб тушгани ва оқибатда учувчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси