Боливия ҳукумати собиқ президентни ҳибсга олишга ордер берди
Олам
−
17 Декабрь
2078Боливия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Эво Моралесни ҳибсга олиш учун янги ордер чиқарилганини эълон қилди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Хабарга кўра, у одам савдоси ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланмоқда. Бу жиноятлар, ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Моралес президентлик даврида содир этилган.
Прокурорлар таъкидлашича, Боливияни 2006-2019 йилларда бошқарган Эво Моралес 2015 йилда ўз фарзандини дунёга келтирган 15 ёшли қиз билан яқин муносабатларда бўлган. Боливия қонунчилигига кўра, бу болаларни таҳқирлаш билан баробар. 2024 йил сентябрь ойида гумондорни ҳибсга олиш учун биринчи ордер чиқарилган. Бироқ унинг адвокатлари терговни тўхтатиб, ордерни бекор қилишга муваффақ бўлган. Кейин прокуратура айбловлар рўйхатини кенгайтириб, одам савдосини қўшган. Даъво ўзгаргандан сўнг, ҳибсга олиш учун янги ордер берилган.
Маълум қилинишича, собиқ президент ҳозир унинг тарафдорлари кўп бўлган Чапаре провинциясида бошпанада яшамоқда. У ўзининг айбсизлигини қатъиян таъкидлаб, бу айбловларнинг барчаси унинг 2025 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этишига тўсқинлик қилишга уриниш эканини даъво қилмоқда. Агар Эво Моралес айбдор деб топилса, уни 15 йилгача қамоқ жазоси кутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Боливиянинг собиқ президенти Эво Моралес ўз тарафдорларидан йўлларни тўсиб қўйиш тўхтатишни сўраган, бироқ ҳукумат музокаралар ўтказмагунча очлик эълон қилганди.
LiveБарчаси