Болгария Бош прокурорининг ҳаётига суиқасд қилинди
Олам
−
02 Май 2023
5765Кеча, 1 май куни Болгария Бош прокурори Иван Гешевнинг кортежи яқинида кучли портлаш содир этилди. Бу ҳақда “24 часа” хабар берди.
Мамлакат Миллий тергов хизмати раҳбари Борис Сарафовнинг айтишича, портлаш Бош прокурор ўтирган автомобилнинг яқинида содир бўлган. Ҳодисадан кейин ўтказилган брифингда портлаш оқибатида ҳеч кимга зарар етмагани маълум қилинган.
“Портлаш Бош прокурор машинасининг яқинида амалга оширилди. Портловчи қурилма ҳалок қиладиган даражада ўрнатилган. Унда тахминан 3 килограмм тротил ва зарарли элементлар бор эди, портлаш оқибатида диаметри тахминан 3 метр ва чуқурлиги 40 сантиметр бўлган ўра ҳосил бўлди”, дейди Сарафов.
Сарафовнинг айтишича, оиласи билан кетаётган Гешев қотиллик нишони бўлган. Унинг кортежи йўлнинг бурилиш жойида тезликни пасайтирганда ундан 100 метр узоқликда портлаш содир бўлган.
Маҳаллий ОАВларнинг хабарига кўра, Гешевнинг машинаси остига томон йўналтирилган портловчи восита масофадан туриб бошқарилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этаётгани, воқеа жойидан бир неча далилий ашёлар аниқлангани хабар қилинган. Портлаш “профессионал тайёрланган, яхши ижро” ҳамда террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланган. Бош прокурор, унинг оиласи ва ходимларига бахтли тасодиф сабаб шикаст етмай қолгани айтилмоқда.
LiveБарчаси