Болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Жамият
−
25 Июнь
7249Ўзбекистонда болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда. Қонунчиликдаги тегишли ўзгариш кўзда тутилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бугун, 25 июнь куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини қўшимча бандлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Яъни, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача) жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (5,1 миллион сўмдан 8,5 миллион сўмгача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш белгиланмоқда.
Шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотлар ёхуд махсус диний маълумоти бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълим бераётган шахслар ихтиёрига диний таълим олиши учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг таълим олиш соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг комил инсон бўлиб етишишига, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари қурбонига айланишининг олдини олишга хизмат қилади.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь