Болаларга зўрлик ишлатганларга жазо кучайтирилади – Мирзиёева
Жамият
−
24 Июль 5554 2 дақиқа
Болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо чоралари янада кучайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг кенжа қизи, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Мен зўравонликни “тасодиф” деб ҳисобламайман. Бу – ҳар доим катталарнинг онгли танловидир. Демак, бунинг ўрнига бошқа танлов ҳам бўлиши керак – уни тўхтатиш танлови. Оқлаш эмас”, дея ёзган Мирзиёева.
Унга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига қуйидаги йўналишларда ўзгартиришлар киритилиши устида иш олиб борилмоқда:
- болаларга зиён етказган шахсларга нисбатан жазони кучайтириш;
- зўравонликка йўл қўйган шахсларга болалар билан ишлаш ҳуқуқини умрбод тақиқлаш;
- жавобгарликни тез ва самарали таъминлаш учун ягона тартибдаги тезкор протоколларни жорий этиш.
Мирзиёеванинг сўзларига кўра, бу ҳаракатларнинг асосий мақсади – зўравонлик қилган шахслар жазодан четда қолмаслиги ва имкон қадар энг оғир жазо чоралари қўлланилишига эришишдир.
Қўшимча қилинишича, ушбу ўзгартиришлар учун алоҳида ишчи гуруҳ ҳам шакллантирилган. Ишчи гуруҳ таркибига Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари киритилган. Бу гуруҳ амалий механизмларни ишлаб чиқишга киришиб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида вояга етмаган 15 ёшли қиз 4 нафар йигит томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар тарқалдганди. Болалар омбудсмани ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 9 май куни Ангрен шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилгани ва дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётгани ҳақида билдирди. Шунингдек, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида ваколатли давлат органи сифатида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам мазкур ҳолатни алоҳида назоратга олган.
Live
Барчаси