Болаларга нисбатан интернетда уятсиз ҳаракат қилиш жиноят деб баҳоланади (видео)

Жамият

image

Ўзбекистонда болаларга нисбатан интернетдаги бузуқ ҳаракатлар оғир жиноят сифатида баҳоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда кеча, 18 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Қайд этилишича, мамлакатда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, жиноят процессида гувоҳ сифатида жалб этишнинг аниқ механизмларини белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун жиноятларнинг олдини олишга, содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026-2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича стратегия ва ҳаракатлар режаси тасдиқланганди. Мазкур ҳужжат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг амалий ва тизимли ижросини таъминлаш, шунингдек, болаларнинг хавфсизлиги ва қўллаб-қувватланишини кафолатлайдиган барқарор механизмни шакллантиришга қаратилган. Хусусан, унда “Меҳрли оила” хизмати, профессионал қабул қилувчи (фостер) оила институти жорий этилиши ҳамда кам сонли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

интернет Болалар уятсиз ҳаракат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг