Ўзбекистонда фостер оила институти жорий этилади
Жамият
−
17 Декабрь 615 4 дақиқа
Ўзбекистонда “Меҳрли оила” хизмати, профессионал қабул қилувчи (фостер) оила институти жорий этилади ҳамда кам сонли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади. Бу бугун, 17 декабрь куни тасдиқланган Ўзбекистонда 2026-2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича стратегия ва ҳаракатлар режасида сўз боради.
Стратегияга кўра, янги ижтимоий ва реабилитацион хизматлар жорий этилади, оилани мустаҳкамлаш ва ижобий ота-оналикни ривожлантириш бўйича чоралар кучайтирилади. “Меҳрли оила” хизмати, профессионал қабул қилувчи (фостер) оила институти жорий этилади ҳамда кам сонли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади. Болаларни шартнома асосида оилага тарбияга (патронат) ва оилавий болалар уйига олган оила тутинган (фостер) оила ҳисобланади. Болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш бўйича ота-она мажбуриятларини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган шахслар эса тутинган ота-оналар сифатида эътироф этилади.
Қонунчиликка мувофиқ одатда етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, зўравонликдан жабр кўрганлиги сабабли оиласидан олинган ҳамда хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оилага тарбияга берилади. Мазкур жараёнда ўн ёшга тўлган болаларни фақат уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин. Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра, битта оилага берилади. Тутинган (фостер) оилага тарбиялаш учун кўпи билан 5 нафар бола берилади. Бунда оиладаги болаларнинг умумий сони, ўз болалари ва фарзандликка олинган ёки тутинган болалар билан биргаликда, қоидага кўра, 8 нафардан ошмаслиги керак. Болалар тутинган (фостер) оилаларга ваколатли орган билан болани олиш истагини билдирган шахслар ўртасида тузиладиган шартнома асосида берилади.
Стратегия жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия ва маъмурий қонунчиликка комплекс ўзгартиришлар киритилишини ҳам назарда тутади. Ушбу ўзгартиришларнинг асосий мақсади — тергов ва суд жараёнларининг барча босқичларида болани ҳимоя қилиш ҳамда болага дўстона адлия тамойилларини жорий этишдир.
Зўравонлик қурбони ёки гувоҳи бўлган болалар учун дастлабки тергов ҳаракатларидан бошлаб бепул юридик ёрдам таъминланади. Агар зўравонлик бола оиласида содир этилган бўлса, ишни судгача кўриб чиқиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг барча процессуал ҳаракатларда мажбурий иштироки таъминланади. Шунингдек, боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суриштирув, тергов ва суд жараёнларида ижтимоий ходим процесс иштирокчиси сифатида жалб этилади. Бола ва зўравон ўртасидаги юзлаштириш фақат терговчи ва прокурор қарори ёки суд ажрими асосида ўтказилади. Боланинг кўрсатмалари такрорий жабрланишнинг олдини олиш мақсадида мажбурий видеоёзувга олинади.
Стратегиянинг алоҳида бўлими девиант ва антисоциал хулқ-атворга эга болалар билан ишлашга бағишланган. Республика ўқув-тарбиявий муассасалари илгари ёпилган бўлиб, уларнинг ўрнига ижтимоий интеграция ва қўллаб-қувватлаш марказлари, шунингдек кам сонли ижтимоий ёрдам марказлари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, ушбу болаларнинг сифатли таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида улар йўналтирилиши мумкин бўлган таълим муассасалари сони 258 тага етказилмоқда.
Тезкор жавоб чораларини кўриш ва ахборот алмашинуви самарадорлигини ошириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар ахборот тизимларини интеграция қилиш кўзда тутилган. Мактабгача таълим ташкилотларидан тортиб коллежларигача бўлган барча таълим муассасаларида “хавфсиз мактаб” концепцияси жорий этилади, шунингдек, буллинг ва рақамли зўравонликка қарши чоралар кучайтирилади.
Бундан ташқари, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳасида фаолият юритувчи ходимлар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини яшириш ёки улар ҳақида хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши таклиф этилмоқда.
Қабул қилинган Стратегия реал ҳолатлар, тадқиқотлар ва амалий тажриба таҳлилига асосланган бўлиб, бир боланинг ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил ва тизимли ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Стратегиянинг принципиал муҳим жиҳатларидан бири — идоралараро ҳамкорликдир. Болаларни ҳимоя қилиш масаласи таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа идоралар томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мувофиқлаштирувчи роли остида биргаликда амалга ошириладиган умумий масъулият сифатида қаралади.
Live
Барчаси