Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилди
Жамият
−
28 Май 2021
5096Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилди.
2022 йил 1 январдан мазкур Марказ Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил фаолият юритади.
2021 йил 1 сентябрга қадар ушбу янги барпо этилган тиббиёт муассасаси негизида 300 ўринли замонавий Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиёти биринчи босқичда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳам жорий этилади.
2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси бўлими негизида Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ташкил этилади.
Қарорга кўра, онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 млрд сўм ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади.
LiveБарчаси