Болага нисбатан оилавий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди
Жамият
−
22 Октябрь
3441Ўзбекистонда болаларга нисбатан унинг яқин қариндошлари томонидан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда кеча, 21 октябрь куни Президент томонидан имзоланган 978-сонли қонунда белгиланди.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилмоқда.
Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлса-да, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин” мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
ЖССТнинг маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга рўзғор қуриб яшаётган шахснинг айби бўлади.
2023 йил ва жорий йилнинг май ойига қадар содир этилган 894 та оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 55,6 фоизи, яъни 506 таси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган. Қолган 44,4 фоизи, яъни 388 таси бўйича суд томонидан тегишли жазолар тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ болага нисбатан оилавий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланаётгани хабар қилинганди. Мазкур қонун Жаҳон банкининг тавсияси асосида болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
LiveБарчаси