“Бола қараш – иш эмас”. Австрия канцлери оналардан узр сўради
Олам
−
12:00 1180 2 дақиқа
Австрия канцлери Кристиан Штокер пайшанба куни Зальцбургдаги учрашувда фарзандларга қарашни иш деб ҳисобламаслигини айтган эди. Ушбу сўзлари кескин танқидларга сабаб бўлганидан сўнг, Штокер 7 август куни баёноти нотўғри бўлганини тан олиб, оналардан узр сўради. Бу ҳақда “Kronen Zeitung” хабар берди.
Маълум қилинишича, Штокернинг мамлакат бўйлаб яқиндаги сафари давомида Зальцбург шаҳридаги учрашувда аёллардан бири унга ёлғиз оналарни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи бўйича савол берган. Унинг таъкидлашича, ёлғиз оналар фарзандларига қараш учун ҳафтасига ўртача 96 соат ҳақ тўланмайдиган меҳнат қилади.
Канцлер эса болаларга қарашни “иш сифатида кўриб чиқмаган бўлардим”, деган. Шунингдек, у оилавий ҳаётни “эвазига ҳеч нарса олмасдан нимадир қиладиган” муносабат сифатида таърифлаган.
Штокернинг ушбу сўзлари ижтимоий тармоқлар ва сиёсий доираларда кескин танқидларга сабаб бўлди.
“Жаноб канцлер, оналар севишади. Оналар ишлайди. Оналар ғамхўрлик қилади. Оналар ақл бовар қилмас ишларни амалга оширади. Оналар ушбу мамлакатнинг ишлашини таъминлайди. Ҳақ тўланмасдан меҳнат қилади. Улар масхарага эмас, узрга лойиқ”, деган “Яшиллар” партияси матбуот котиби Леоноре Гевесслер.
Австрия Озодлик партияси раҳбари, ўнг популист сиёсатчи Герберт Кикль эса Штокернинг сўзларини “оналар устидан масхара” деб атаган.
Баҳсли баёнотдан бир ҳафта ўтиб, канцлер ўз сўзларидан воз кечган. У аввалги фикрларини “нотўғри” деб атаб, оналардан “шартсиз” узр сўраган.
“Фарзандларга ғамхўрлик қилиш бу меҳнат. Аксарият оилаларда ҳанузгача болаларга қараш масъулиятининг асосий қисмини ўз зиммасига олаётган аёллар шу тариқа жуда муҳим ишни амалга оширади”, деган Штокер.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июль куни Венгрияда давлатга қарашли МТВА телерадиокомпанияси ҳукумат қарори билан эфирни тўхтатиб, собиқ ҳукумат даврида юритилган таҳририят сиёсати учун жамоатчиликдан узр сўраган эди.
Live
Барчаси