Бола асраб олиш учун қаерга “бош уриш” керак?
Жамият
−
25 Январь 2022
18499Аввалроқ ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, “Murad Buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаров тўққиз нафар болани фарзандликка олгани ҳақида хабар берган эдик. У QALAMPIR.UZ билан суҳбатда болаларни асраб олиш учун 10 йил навбат кутганини маълум қилганди.
Бугунги кунда Меҳрибонлик уйларига жавобгар бўлган Миллий гвардия Меҳрибонлик болалар муассасалари тарбияланувчилари билан боғлиқ айрим масалалар ва Миллий гвардиянинг ушбу йўналишдаги “Call-center”телефон рақамларига келиб тушаётган такрорий саволлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, Миллий гвардия Марказий девонида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва ўз вақтида ёрдам кўрсатиш мақсадида (71) 236-52-08 ва 236-52-09 телефон рақамлари орқали маслаҳат бериш хизмати “Call-center” фаолияти йўлга қўйилиб, шу кунга қадар 2717 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилган.
Шунингдек, “Mehribonlik.uz” сайти ишга туширилиб, соҳада амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар мунтазам равишда тўлиқ ёритиб борилмоқда.
Бундан ташқари, меҳрибонлик уйларидан болаларни оила тарбиясига олаётган шахсларнинг ҳужжатлари қонунчиликка мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан расмийлаштирилмоқда.
“Улар томонидан ота-онанинг оилавий муҳити, соғломлиги ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳар томонлама ўрганилиб, ҳужжатлари ўрнатилган тартибда текширилганидан сўнг, болалар оила тарбиясига берилмоқда.
Болаларнинг келгуси ҳаёти тегишли давлат органлари томонидан назорат қилиб борилади, яъни болаларнинг оилада тарбияланиши, уларга ўз вақтида ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилиши ҳудуддаги туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан кузатиб борилади”, дейилади Миллий гвардия хабарида.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг муассаса ҳисобидан чиқарилиши, тегишли мутасадди ташкилотлар назорати остида амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, Меҳрибонлик болалар муассасалари фаолияти тугатилган ҳудудларда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳужжатлари туман (шаҳар) ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан расмийлаштирилиб, ҳоким қарорлари асосида болаларни Оилавий болалар уйларига тўғридан-тўғри жойлаштириш тизими йўлга қўйилган.
“Оилавий болалар уйларининг меҳрибонлик уйларидан фарқи шундаки, бу ерда болаларни ота-оналар ўз хонадонларида миллий қадриятларимиз негизи асосида тарбиялайди, мазкур оилаларга давлат томонидан тўлиқ молиявий таъминот амалга оширилади”, дейилади Миллий гвардия хабарида.
Ҳозирда, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилдаги 158-сон Қарорининг янги лойиҳаси тайёрланган бўлиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига (project.gov.uz) киритилган.
Лойиҳа замон талабларига мос равишда яратилган бўлиб, оилавий болалар уйларини ташкил этилишининг бош мақсади ва вазифаси - етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитида ҳамда ота-она меҳри-ғамхўрлигида тарбиялаш, вояга етказиш эканлиги кўрсатиб ўтилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь